Эрдўғаннинг Мирзиёевни аэропортдан кузатгани Ўзбекистонда алоҳида воқеалик сифатида баҳоланяпти
Интервью
−
25 Февраль 2020
15909Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 19-20 февраль кунлари расмий ташриф билан Туркия Республикасида бўлди. Ўзбекистон раҳбари Туркия Республикаси Президенти девони ҳузуридаги Халқ кутубхонасининг очилиш маросимида фахрий меҳмон сифатида иштирок этиб, нутқ сўзлади. Дунёнинг турли ҳудудларида қуролли тўқнашувлар, ўзаро рақобат ва ер ости бойликлари учун курашлар кетаётган бир вақтда Мирзиёев ва Эрдўғаннинг илм-маърифат ўчоғи саналмиш кутубхонани очиб бериши ва дунёга яна бир бор маърифат дея юзланиши алоҳида воқелик сифатида қабул қилиняпти.
Қолаверса, Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған рафиқаси Эмина Эрдўған билан Президент Шавкат Мирзиёевни ва биринчи хоним Зироат Мирзиёевани Анқаранинг “Эсонбуға” аэропортидан самолёт трапи ёнигача келиб, кузатиб қўйди. Бу эса давлат раҳбарининг протоколига зид. Яъни Президентлар ўрнатилган қоидаларга кўра, бошқа давлат раҳбарини аэропортда кутиб олмайдилар ва кузатмайдилар. Фақат айрим истисно ҳолатлар бўлиши мумкин ва бу Президентларнинг шахсий иродасига боғлиқ. Туркия Президенти Эрдўған эса яқин-яқингача ҳеч бир Президентни аэропортда кузатиб қўймаган, ҳатто, Путинни ҳам. Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг Ўзбекистон раҳбарига кўрсатган ҳурмат ва эҳтироми эса Ўзбекистон дипломатияси томонидан алоҳида ишора сифатида қабул қилинмоқда.
Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев мазкур ҳолатга муносабат билдираркан, энг аввало Ўзбекистон ва Туркия муносабатларининг тарихи ва бугунги ҳолатига баҳо берди.
“Дарҳақиқат, тарихдан Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги муносабатлар алоҳида характерга эга бўлган. Ўзбекистон мустақиллигини биринчи бўлиб тан олган давлат ҳам Туркия бўлган. Улар собиқ иттифоқ даврида ҳам “агар сизлар мустақилликни эълон қилсангиз, биз буни сўзсиз тан оламиз ва керакли ёрдамни берамиз”, деган гапни айтишган. Қолаверса, Ўзбекистонда биринчи элчихонани очган хорижий мамлакат ҳам Туркия бўлган.
У вақтлар Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлигида ишлар эдим. Мустақилликнинг биринчи ойлари, йиллари умуман номаълум эди. Қандай қилиб ҳаёт қурамиз, қандай шартномалар тузиш керак, сотиб олинган товарларни қандай қилиб олаб келамиз, пулни қаердан оламиз, уни қандай қилиб ўтказамиз, деган саволлар бор эди. Ўша вақтда Туркия бизга 600 миллион долларлик кредит линия очган ва энг керакли нарсалар – дон, дори-дармон, ёғ, шакарни олиб келишга имконият яратиб берган. Кейинроқ, айрим сабабларга кўра, орамизда қандайдир совуқлик пайдо бўлди. Биз эса ташқи сиёсатимизда адоватлар, қандайдир тушонмовчилик ва келишмовчиликларни кечиб ўтишни уддалай олмадик. Кўп ҳаракат бўлганига қарамасдан, кўп нарсани йўқотдик.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев Туркия билан муносабатларни тиклаш, нафақат тиклаш, балки уни сифат нуқтаи назаридан янги поғонага кўтариш масаласини қўйдилар”, дейди Сафоев.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркия Республикасига амалга оширган иккинчи ташрифи давомида Олий даражадаги стратегик ҳамкорлик кенгашининг иккинчи йиғилиши ўтказилди. Сафоев ўз нутқида ушбу йиғилишга ҳам эътибор қаратиб, шундай дейди:
“Туркияга бўлган охирги ташрифнинг натижасини сарҳисоб қиладиган бўлсак, икки давлат ўртасида стратегик ҳамкорлик кенгаши тузилди. Бунинг прецеденти йўқ. Яъни бу икки давлатнинг узоқ муддатли, энг фундаментал масалаларини қамраб олувчи, нафақат иқтисодий, хавфсизлик, ташқи сиёсат, маданий, парламентлараро масалаларни кўриб чиқадиган тузилма пайдо бўлди. Бу жуда катта ютуқ”.
Маълумки, 2018 йилнинг апрель ойида Туркия Республикаси Президенти Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған рафиқаси Эмина Эрдўған билан Ўзбекистонга ташриф буюрган эди. Эрдўған Тошкентдаги асосий учрашувлардан сўнг Бухоро шаҳаридаги муқаддас қадамжоларни зиёрат қилди. Унга Президент Шавкат Мирзиёев ва биринчи хоним Зироат Мирзиёева ҳамроҳлик қилди. Сўнг Шавкат Мирзиёев рафиқаси билан Туркия Президентини Бухоро аэропортидан кузатиб қўйди.
Содиқ Сафоев Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг Шавкат Мирзиёевга кўрсатган ҳурмати ва эҳтиромини алоҳида баҳолади ва шундай деди:
“Туркиянинг жаҳонда тутган ўрни ниҳоятда баланд. Умуман олганда, 100 йилликлар давомида Туркия мавқеи баланд давлат бўлиб келган. Унинг протоколи ҳам жуда чархланган ва улар бунга бекаму-кўст риоя қилишади. Аммо, Президентимиз ташрифлари давомида бу протокол бир неча бор четга қўйилиб, бевосита инсоний муносабатлар юзага чиқди.
Бунга тўғри баҳо бериш учун бир нарсани айтиб ўтмоқчиман. Бугунги кунда Яқин Шарқда ниҳоятда мураккаб вазият кузатилмоқда. Туркия бу ерга бевосита жаоб қилинган давлат. Туркиянинг бугун қандай муаммоларни ҳал қилаётганини, ҳатто, тасаввур қилиш қийин. Мамлакатнинг ичида миллионлаб қочоқлар бор. Бунга бошқа мамлакат бордош бера оладими ё йўқми, бунисини билмайман. Бу давлат ҳарбий можароларда бевосита иштирок этмоқда. Шунга қарамасдан, давлат раҳбари Ўзбекистон Президентига алоҳида эътибор қилиб, ниҳоятда машкул масалаларни четга суриб, Президент Мирзиёев билан шахсан ўзи шуғулланиб, ҳатто, протоколга риоя қилмасдан уни кузатишга келди. Бу бугунги Ўзбекистон, унинг лидерига бўлган муносабатни яққол кўрсатувчи ҳақиқат”.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Туркия Республикасига илк давлат ташрифини 2017 йилнинг октябрь ойида амалга оширган эди. 2018 йил эса Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған уч кунлик ташриф билан Ўзбекистонга келди. Ўшанда Президент Мирзиёев “Буюк турк миллатларининг Ватана бу. Биз энди бирлашишимиз шарт. Орамизга қандайдир ишончсизлик ва совуқлик тушиб қолди. Иккимиз бир бўлиб бу музларни эритдик”, деган эди.