Туркияда Эрдўғаннинг ҳукмронлиги охирлаб қолдими?

Таҳлил

image

Аввалроқ, сайтимизда Туркияда ўтган маҳаллий сайловларнинг кутилмаган натижаларидан бири – Коммунистик партия ғалабаси ҳақида мақола эълон қилгандик.

Туркияда ўтказилган  маҳаллий сайловлар халқнинг мамлакатда узоқ йиллардан бери етакчилик қилиб келаётган “Адолат ва тараққиёт” партиясига (АТП) бўлган ишончини синовдан ўтказди, десак муболаға бўлмайди.

Маълумот ўрнида, “Адолат ва тараққиёт” партиясига 2001 йилда асос солинган. Партия 2002 йилдан буён мамлакатда етакчилик қилиб келади. АТП ташкил топганидан бери ўтказилган олти сайловнинг бештасида якка ўзи ғалаба қозонган.

Сайловнинг умумий натижаларига қараб, партия халқнинг ишончини оқлади, дейиш мумкин. АТП номзодлари сайловда мамлакатнинг 81 та маъмурий ҳудудининг 41 тасида ғалаба қозонди. Бу 50,6 фоизлик муваффақият демакдир.

Аммо вазиятга яқиндан қараса, Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг партияси мамлакатнинг йирик шаҳарларини қўлдан бой берганини кўриш мумкин.

АТП мамлакат пойтахти Анқара, йирик шаҳарлар бўлган Истанбул ва Измирда асосий рақобатчиси Республика халқ партиясига енгилди. РХП вакиллари Мансур Яшав Анақарда, Экрем Имомўғли Истанбулда ва Тунч Соер Измирда АТП номзодларидан устун келди.

Туркия аҳолиси 82 млндан ортиқ бўлса, Анқара (5,5 млн) Истанбул (15,7 млн) ва Измирда (4,5 млн) жами аҳолининг 32,1 фоизи истиқомат қилади.

Эрдўғаннинг ўзи Истанбул шаҳрининг аҳамияти ҳақида қуйидаги фикрларни билдириб ўтганди:

“Ким Истанбулни забт этса, ўша Туркияни забт этади”.

Маълмуот учун, Эрдўған ўзи ҳам сиёсатдаги зафарли “юриши”ни Истанбул мэрлигидан бошлаган. 1994-1998 йилларда Эрдўған Истанбул мэри вазифасини бажарган. 2003 йилда у Туркия Бош вазири лавозимини эгаллаган.

АТПнинг Истанбул мэрлиги учун номзоди таниқли сиёсатчи, Туркиянинг собиқ Бош вазири Бинали Йилдирим эди. У 2019 йилнинг февраль ойида сайловларда иштирок этиш учун Туркия Парламенти спикери лавозимидан истеъфо берган. Шу боис катта эҳтимол билан Туркия юраги Истанбул бошқаруви Бинали Йилдиримга ўтиши кутилаётган эди.

Сайлов натижалари эълон қилинганига қарамай, Бинали Йилдирим ва АТП таслим бўлишни истамаяпти. Собиқ Бош вазир Истанбулдаги сайлов натижаларини қайта кўриб чиқиш керак, деб ҳисоблаяпти.

Гап шундаки, Истанбулдаги сайловда Экрем Имомўғли 48,80 фоиз – 4 млн 171 минг 120 та овоз тўплаган. Бинали Йилдирим эса 48,55 фоиз – 4 млн 149 минг 655 та овоз олган. Орадаги фарқ бор-йўғи 21 465 тани ташкил қилади.

Орадаги фарқнинг камлиги сабабли АТП яроқсиз деб топилган овозларни ҳам қайта кўриш ва жами бюллетенларни санаб чиқишни талаб қилди. Бугун, 3 апрель куни Истанбулнинг Бейкўз, Чекмакўй, Шиле, Байрампаша ва Чаталжа округ сайлов комиссиялари эътирозлар тушгани сабабли бюллетенларни қайта санаб чиқишга қарор қилди.

Бу вақтда Республикачи халқ партияси етакчиси Камол Қиличдорўғли партияси вакили Экрем Имомўғлига Истанбул шаҳри мэрлиги мазбатаси берилиши кераклигини таъкидлаяпти.

“Истанбул халқи танловини қилди. Истанбул шаҳар мэри этиб сайланган Экрем Имомўғлининг мазбатаси зудлик билан топширилиши кераклигини эслатяпти. Бу жараённинг якунланиши Истанбул ва мамлакатимизга фойда бўлишини билишингизни хоҳлайман”, деди Қиличдорўғли.

Бир нарсага эътибор қаратиш лозим. 31 мартдаги маҳаллий сайловлар Туркияда  Эрдўған ва АТПга бўлган ишончнинг пасайганини кўрсатди. Бунгача АТП вакиллари 81 ҳудуднинг 49 тасида мэрлик вазифасини бажариб келган бўлса, бу сафар 41 та ҳудудда муваффақиятга эриша олди, холос.

Натижалардан келиб чиқиб, Эрдўған Туркия иқтисодини кўтариш, миллий валюта – турк лирасининг қадрини ошириш, аҳолининг яшаш даражасини яхшилаш учун сезиларли ва самарали чоралар кўрмаса, кейинги сайловларда аҳвол бунданда ёмон бўлиши ҳеч гап эмас.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

176

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг