Эрдўғанга Нобель, Мирзиёевга раҳмат, Туркманистонга аъзолик ва тан олинаётган ШКТР. Туркийларнинг режаси нима?
Таҳлил
−
17 Март 2023
11547Туркий Давлатлар Ташкилоти (ТДТ)га аъзо мамлакатлар – Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия, Ўзбекистон, Озарбайжон, кузатувчи мамлакатлар – Туркманистон, Венгрия ва Шимолий Кипр Турк Республикаси жойлашган ҳудудлар ўз географик ва геологик хусусиятларига кўра, табиий офат ва хавф-хатарлар фаол содир бўладиган макон ҳисобланади. Яъни уларга Туркияда содир бўлганидек зилзила ҳар вақт хавф солиши мумкин. Бу ҳақда 16 март куни Туркия пойтахти Анқарада бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилотининг навбатдан ташқари саммитида Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёев айтиб ўтди.
Маълумки, жорий йилда ушбу ташкилотга раислик Ўзбекистон чекига тушган. Шунга кўра, ташкилотнинг барча тадбирлари Ўзбекистонда ўтиши керак. Аммо жорий йилнинг 6 февраль куни Туркиянинг 11 вилоятида содир бўлган вайронкор зилзила ва унинг оқибатида бугунгача қарийб 50 минг кишининг қурбон бўлиши, барча мамлакатларнинг, жумладан Туркий дунёнинг ҳам Туркия атрофида тўпланишига сабаб бўлди.
Шавкат Мирзиёевнинг Туркияга амалий ташрифи 15 март куни бошланди. Уни Анқарадаги Бештепа Президентлик мажмуаси ҳовлисида мамлакат раҳбари Эрдўғаннинг ўзи кутиб олди. Мирзиёев унга қадрдоним деб хитоб қилди.
Давлат раҳбарлари ўртасида ўтган яккама-якка учрашув сўнгида Ўзбекистон Президенти Туркия вице-президенти Фуат Ўқтойга икки мамлакат ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлашга қўшган ҳиссаси учун “Дўстлик” орденини топширди.
Туркий давлатлар ташкилотининг навбатдан ташқари саммити Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев ташаббуси билан ташкил этилди.
Унда ташкилотга аъзо давлатлар раҳбарлари – Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев, Қирғизистон Президенти Садир Жапаров, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев, Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған, Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев ва кузатувчи давлатлар раҳбарлари – Венгрия Бош вазири Виктор Орбан, Туркманистон Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедов, шунингдек, Шимолий Кипр Турк Республикаси Президенти Эрсин Татар иштирок этди. Аҳамиятли жиҳати шундаки, ташкилотнинг аввалги тадбирларида биринчи хонимлар ҳам иштирок этган бўлса, бу гал улар кўриниш бермади. Катта эҳтимол билан давлат раҳбарлари ёлғиз келган.
Шавкат Мирзиёев раислик қилган саммитдаги нутқлар кетма-кетлигини Туркия раҳбари бошлаб берди. У ушбу тадбирни ташкил этишда кўрсатган ёрдами учун Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга ва Туркияга келган барча давлат ва Ҳукумат раҳбарларига миннатдорлик билдирди. Туркиянинг оғир кунларида қўл қовуштириб ўтирмаганларини алоҳида қайт этиб, Туркий дунё бирлашгани, бир тан, бир жон бўлганини айтди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев даҳшатли зилзила оқибатида қурбон бўлганларнинг оила аъзоларига ва шахсан Президент Эрдўғанга таъзия билдирди. У қурбонларнинг хотирасига ҳурмат ифодаси сифатида бир дақиқа сукут сақлашга чақирди.
Мирзиёев ҳаётдан бевақт кўз юмган барча инсонларнинг порлоқ хотирасига алоҳида ҳурмат бажо келтириш мақсадида ҳар йили 6 февраль санасини Туркий давлатлар ташкилоти доирасида Қурбонларни хотирлаш ва бирдамлик куни деб эълон қилишни таклиф этди.
Ўзбекистон раҳбари сўзида давом этиб, Ўзбекистон Туркиянинг вайронкор зилзила содир бўлган ҳудудларидан бири – Ҳатай вилоятининг Овакент ҳудудидаги тиклаш ва бунёдкорлик ишларида қатнашмоқчи эканини билдирди.
У саммитга тўпланган барча давлатлар раҳбарлари номидан Туркияга мададкор бўлиб, зилзила оқибатида вайрон бўлган шаҳар ва қишлоқларни, ижтимоий ва саноат объектларини тиклаш ва янгиларини барпо этиш ишларига бор кучини йўналтиришга тайёрлигини айтди.
У, шунингдек, талафот кўрган ҳудудлардан ёши улуғ инсонлар ва нуронийларнинг Ўзбекистонда соғлиғини тиклаши ва дам олиши, шунингдек, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Баҳоуддин Нақшбанд обидаларини зиёрат қилиши учун барча қулай шарт-шароитларни яратиб беришни ваъда қилди.
“Шу билан бирга, ушбу ёз мавсумида биз Ҳатай ёшларининг ҳам Ўзбекистонга ташрифини ташкил этмоқчимиз. Уларнинг мазмунли ҳордиқ чиқаришлари ҳамда қадимий Самарқанд, Бухоро ва Хива шаҳарларига сафарларини, юртимиздаги ўз тенгдошлари билан қўшма тадбирларни ўтказиш ниятидамиз”, дея Туркия Президентига юзланди Мирзиёев.
Маълумки, жорий йилнинг 14 май куни Туркиядаги навбатдаги президентлик ва парламент сайловлари бўлиб ўтади. 16 март куни мамлакат парламенти – Буюк Миллат Мажлисидаги “Адолат ва тараққиёт” партияси фракцияси сайловда президентликка номзод сифатида амалдаги давлат раҳбари Ражаб Тойиб Эрдўған номзодини кўрсатди. Шавкат Мирзиёев саммитдаги нутқида ушбу масалага тўхталар экан, сўнгги йигирма йилда Ражаб Тойиб Эрдўған раҳбарлигида Туркия Жумҳуриятининг халқаро майдондаги обрў ва нуфузи кескин юксалгани, давлатнинг глобал иқтисодиёт ва сиёсатдаги ўрни ва таъсири изчил ортиб бораётганини эътироф этди.
“Замонавий ва қудратли Туркиянинг бугунги барча ютуқларида ва эришаётган улкан марраларида ҳурматли Президентнинг мислсиз хизматлари борлигини алоҳида эътироф этамиз. Шу боис, барча қардош халқларимиз номидан турк элига мурожаат этиб, сайловларда муҳтарам Ражаб Тойиб Эрдўған номзодини тўлиқ қўллаб-қувватлашга чақирамиз.
Бизнинг ана шу умумий истагимиз бугун қабул қилинаётган Анқара декларациясида ўзининг ифодасини топиши айни муддаодир”, дейди Шавкат Мирзиёев.
Ушбу самитда ўғли – Президент Сердар Бердимуҳамедов ўрнига қатнашган Туркманистон Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедов Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған номзодини Тинчлик учун Нобель мукофотига кўрсатишни таклиф қилди.
“Биз сиз билан 22 йилдан буён яқиндан танишмиз. Бу йиллар ичида Туркманистонга кўрсатган ёрдамингиз учун туркман халқи номидан самимий миннатдорлик билдираман. Ҳурматли Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған дунёда муҳим сиёсий шахсият. У нафақат ўз халқи, балки бутун мусулмон халқларининг тинч-тотув яшаши учун катта саъй-ҳаракатларни амалга оширмоқда. Эрдўған минтақада ва дунёда тинчлик ва хавфсизлик, барқарор ривожланиш ва халқаро муносабатларда ўзаро тушунишни таъминлаш борасида улкан ишларни амалга оширмоқда. Буларни инобатга олган ҳолда Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғанни Тинчлик учун Нобель мукофотига номзод қилиб кўрсатамиз ва бу йўналишдаги барча таклифларни қўллаб-қувватлаймиз. Эрдўған ҳақиқатан ҳам ушбу халқаро мукофотга лойиқ бошқарувчи”, дейди Бердимуҳамедов.
Туркий Давлатлар Ташкилотига энг охирги бўлиб қўшилган мамлакат Туркманистондир. Ашхобод 2021 йилдан бошлаб ушбу ташкилот тадбирларида кузатувчи мақомида иштирок эта бошлади ва Туркияга аввалгига қараганда анча яқинлашди. Ҳатто, Туркманистоннинг собиқ раҳбари Гурбангули Бердимуҳамедовнинг ҳеч қаерда кўриниш бермаган рафиқаси ҳам Туркия раҳбари ва биринчи хоними ташрифида камераларга яширинишга чек қўйди.
Туркманистон эса нафақат Туркияга, балки Туркий дунёга янада яқинлашмоқчи. Бердимуҳамедовнинг саммитда айтишича, энди Ашхобод кузатувчи бўлиб қолмай, аъзоликка кирмоқчи.
“Агар қонунчилигимиз такомиллаштирилса, Туркманистон туркий оила қаторига қўшилиши мумкинлигига ишонаман”, дейди Арқадағ.
Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев эса ўз сўзида Ўзбекистон раҳбарига Қорабоғдаги мактаб қурилиши учун миннатдорлик билдирди:
“Фурсатдан фойдаланиб, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаевга Ўзбекистон томонидан озод қилинган Фузули вилоятида қурилаётган мактаб ва у ерда Қозоғистон томонидан бунёд этилаётган маданият-санъат маркази учун ўз миннатдорлигимни билдираман. Яна шуни маълум қилмоқчиманки, яқинда Озарбайжон-Ўзбекистон инвестиция жамғармаси ва Озарбайжон-Қирғизистон тараққиёт жамғармаси ташкил этилган”.
2020 йилнинг ноябрь ойида якунига етган Қорабоғ урушида Озарбайжоннинг қўли баланд келиб, 10 ноябрь куни Россия-Арманистон-Озарбайжон раҳбарлари ўртасида уч томонлама баёнот имзоланган бўлсада, Ереван ҳамон мағлубиятни тан олмай, Қорабоғ ҳудудида, Озарбайжонга чегараларига қарата бир неча қуролли провакацияларни амалга ошириб келмоқда. Отишмаларда эса бугунгача ўнлаб ҳарбийлар, шунингдек, тинч аҳоли вакиллари қурбон бўлган. Қорабоғдаги 302 йиллий мустамлака, минглаб одамларнинг геноцидга учрагани, оммавий қабрларга ташлангани, асори-атиқалар, маданият, тарих йўқ қилингани, масжидлар вайрона қилиниб, чўчқахонага айлантирилганини эса унутиб бўлмайди. Илҳом Алиев ҳам нутқида айнан шу ҳақида гапирди.
“Арманистон томонидан 30 йиллик ишғол даврида юзлаб шаҳар ва қишлоқларимиз, тарихий ва диний обидаларимиз, қабристонларимиз атайлаб вайрон қилинди. Хорижлик экспертлар вайрон бўлган Ағдам шаҳрини “Кавказнинг Хиросимаси” деб атамоқда. Қорабоғ ва Шарқий Зангезурдаги 67 та масжиддан 65 таси арманлар томонидан вайрон қилинган, қолган иккитаси чўчқахона ва сигирхона сифатида фойдаланилган.
Табиий бойликларимиз талон-тарож қилинди, атроф-муҳитга катта зарар етказилди.
Биринчи Қорабоғ уруши натижасида 4 мингга яқин фуқароларимиз бедарак йўқолди. Айтиш мумкинки, уларнинг барчаси қийноқлар билан ўлдирилган. Юртларимиз озод қилингандан кейин бир неча жойларда оммавий қабрларни топдик. Арманистон ҳалигача бедарак йўқолган озарбайжонликлар тақдири ҳақида маълумот беришдан бош тортмоқда”, дейди Озарбайжон раҳбари.
Қорабоғ ҳудудида 30 йил давоми вайрон қилинди. Кўчат экилмади, бино қурилмади. Аксинча, ҳудуд тўлиқ миналанди. Халқаро ташкилотларнинг талабига қарамай, Ереван ҳамон миналанган ҳудудлар харитасини Бакуга бермай келяпти. Оқибатда эса юзлаб одамлар портлашлар қурбони бўлди.
“Арманистон истилоси туфайли Озарбайжон дунёдаги миналардан энг кўп зарарланган давлатлар қаторига киради. Иккинчи Қорабоғ урушидан сўнг, яъни 2020 йил ноябридан бери мина портлашлари оқибатида 300 га яқин озарбайжонликлар ҳалок бўлди ёки оғир жароҳат олди”, дейди Президент.
Илҳом Алиев 2020 йилда Иккинчи Қорабоғ урушининг дастлабки соатларидан сўнгги кунига қадар Озарбайжонга кўрсатилган сиёсий ва маънавий ёрдам учун Президент Ражаб Тойиб Эрдўғанга миннатдорлик билдирди. Унинг раҳбарлигидаги Туркия эса кундан кунга ҳамма йўналишда, жумладан, сиёсий, ҳарбий, иқтисодий равнақ топаётганини урғулади:
“Туркия ўтган 20 йил ичида Президент Ражаб Тойиб Эрдўған раҳнамолигида узоқ ва шонли йўлни босиб ўтди, дунёда обрў-еътибор қозонди, куч марказига айланди. Бугунги кунда дунёда Туркия билан ҳисоблашилади ва ҳурмат қилинади.
Ҳозир дунёда ҳамма Туркиянинг ҳарбий қудратини, мудофаа саноатидаги улкан муваффақиятларини кўриб турибди. Бу йиллар давомида Туркияда узлуксиз барқарорликни таъминлаш, мамлакат тараққиёти бутун туркий дунё учун муҳим шартдир”.
Саммитга йиғилганларнинг барчаси Туркия раҳбари Ражаб Тойиб Эрдўған ҳақида такрор ва такрор илиқ фикрлар айтиши, у раҳбарлигидаги Туркиянинг ривожланиб, дунёда сўзи ўтадиган давлатга айланаётганини эътироф этиши навбатдан ташқари саммит кўпроқ кутилаётган сайловда амалдаги давлат раҳбарини қўллаб-қувватлаш учун ташкил этилгандек таассурот уйғотади. Боиси ҳар бир давлат вакили ўз нутқида келаётган сайловда Эрдўғанни қўллаши ва бошқаларни ҳам бунга ундашини қистириб ўтди.
Эрдўған эса кутилган ва кутилмаган баёнот билан чиқди. У Туркиядан бошқа ҳеч бир мамлакат тан олмаган Шимолий Кипр Турк Республикасининг жуда бўлмаганда Туркий Давлатлар Ташкилотига аъзо ва кузатувчи мамлакатлар томонидан тан олинишига эришмоқчи. Бу ҳақда у шундай деди:
“Бугунги саммитни "бирлигимиз – кучимиз" шиори билан ўтказяпмиз. Шимолий Кипр Турк Республикасининг бизга қўшилиши билан оила кенгашимиз кучайди. Ташкилот сифатида биз Кипр турк халқини кучли ва қатъий қўллаб-қувватлашимизни ифодаладик. Шимолий Кипр Турк Республикасининг тан олиниши ва Кипр Турк биродарларимиз дучор бўлган чекловларни олиб ташлаш учун курашимизни давом эттирамиз”.
Ўзи Шимолий Кипр Турк Репсубликаси борасида саволлар жуда кўп. Ташкилотга аъзо давлатларнинг ҳеч бири томонидан тан олинмаган ушбу “давлат” Туркий давлатлар раҳбарлари столида нима қиляпти? Умуман бу столга қандай қўшилиб қолди?
Гап шундаки, Ташкилотнинг ўтган йилнинг 11 ноябрь куни ўтказилган Самарқанд саммитида Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған дунё мамлакатларини ҳайратда қолдирган баёнот билан чиққанди. У ўз нутқида Туркиядан ташқари дунёнинг ҳеч бир мамлакати тан олмаган Шимолий Кипр Турк Республикаси Туркий давлатлар ташкилотига кузатувчи бўлиб қўшилганини айтиб, бунинг учун ташкилот давлатлари раҳбарларига миннатдорлик билдирганди.
“Биродарлик қонуни талабларини бажарган ҳолда, Шимолий Кипр турк республикасини ташкилотимизга кузатувчи давлат ўлароқ қабул қилдик. Турк дунёсининг ажралмас бир қисми бўлган кипрлик биродарларимизнинг ёлғиз эмаслигини кўрсатиб, ечим жараёнига ҳам ҳисса қўшдик”, деган эди Эрдўған.
Орадан кўп ўтмай, Туркия Республикаси Ташқи ишлар вазири Мавлуд Чавушўғли Эрдўғаннинг айтганларига таяниб, Шимолий Кипр Турк Республикасининг Туркий давлатлар ташкилотига кузатувчи давлат сифатида қўшилгани ҳақидаги хабарни Twitter’даги саҳифаси орқали бўлишди. Вазир, Анқаранинг Шимолий Кипр Турк Республикасини қўллаб-қувватлашни давом эттиришда қатъийлигини таъкидлаган.
Туркия расмийлари томонидан берилган икки баёнотдан сўнг, ўша вақтдаги Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Владимир Норов Шимолий Кипр Турк Республикасининг ташкилотга кузатувчи сифатида қўшилганини рад этиб чиқди.
“Саммит натижасида Шимолий Кипр бўйича алоҳида қарор имзоланмади. Ўзбекистон, айниқса, давлат суверенитети, мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлиги масалаларида халқаро ҳуқуқ нормаларига қатъий амал қилади.
Шимолий Кипрни мустақил давлат сифатида тан олиш ҳақида гап бўлиши мумкин эмас”, деган эди Норов.
Норовнинг айтганларидан кейин тўлқин бироз тинди. Лекин жорий йилнинг февраль ойида Истанбулга, Туркий давлатлар ташкилотининг офисига бордим. Не кўз билан кўрайки, ташкилот олдига ўрнатилган флагштокда Шимолий Кипр Турк Республикасининг ҳам байроғи турибди. Демак, вазият Норов изоҳлагандек эмас. Қолаверса, ўша пайтнинг ўзида ташкилотнинг янги бош котиби Кубаничбек Омуралиев Шимолий Кипр ташкилотга кузатувчи қўшилганини, Самарқанд саммитида имзоланган ҳужжат билан ушбу ҳодиса тасдиқланганини айтиб чиқди ва бунга ҳеч бир мамлакат, ҳатто, Норов ҳам эътироз билдира олмади. Ана шу шаклда Шимолий Кипр ими-жимида ташкилотга кириб олди. Энди эса Эрдўған уни бошқа мамлакатлар ҳам тан олишини хоҳлаяпти.
Хуллас Туркий давлатлар ташкилотининг навбатдан ташқари саммити шу куннинг ўзида якунига етди. Саммит якунида Анқара декларацияси қабул қилинди, Туркий инвестиция фондини ташкил этиш тўғрисида битим имзоланди ҳамда фуқаро муҳофазаси механизмини шакллантириш юзасидан битимни тайёрлаш тўғрисида қарор қабул қилинди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонга қайтиб келди.
LiveБарчаси