Эрдўған Швециянинг НАТОга аъзо бўлиши учун шартини айтди
Олам
−
27 Июнь 2023
8827Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда Туркия Президенти матбуот хизмати хабар берди.
Айтилишича, Эрдўған Столтенбергга Швеция НАТОга аъзо бўлиш истагига яшил чироқ ёқилиши учун ўз шартини айтган. Унинг билдиришича, бунинг учун Стокголмда ноқонуний деб топилган Курдистон Ишчилар партияси тарафдорларининг намойишлари тўхтатилиши керак.
“Эрдўған Столтенбергга Туркия конструктив муносабатда эканлигини, бироқ Швециянинг терроризмга қарши қонунларни Анқара талабларини қондириш учун ўзгартириши “маъносиз” бўлганини, PKK тарафдорлари мамлакатда норозилик намойишларини ўтказаётганини айтди”, дейилади расмий баёнотда.
Маълумот учун, Швеция ва Финляндия 2022 йилнинг май ойида Шимолий Атлантика альянсига қўшилиш учун ариза берган, бироқ Туркия PKK ва PYD террорчи деб эълон қилишни ҳамда 2016 йилда террорчилик ёки давлат тўнтаришига уринишда иштирок этишда айбланганларни экстрадиция қилишни талаб қилиб, қўшилиш жараёнини блоклаган. 2022 йилги НАТО саммити олдидан ушбу муаммоларни ҳал қилиш учун Туркия, Финляндия ва Швеция ўртасида икки шимолий давлат қилиши керак бўлган аниқ қадамлар рўйхатини ўз ичига олган меморандум имзоланган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 30 март куни Туркия парламенти Финляндиянинг НАТОга кириши ҳақидаги протоколни ратификация қилиш ҳақидаги қонун лойиҳасини маъқуллаганди. 4 апрель куни эса Финляндия иттифоқнинг 31-аъзоси сифатида блокга расман қабул қилинганди.
Авазбек Мўйдинов
LiveБарчаси