Эрдўған Пезешкиёнга дакки берди
Олам
−
10 Март 20313 2 дақиқа
Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Эрон Президенти Масъуд Пезешкиён билан телефон орқали суҳбатлашди ва уни Туркия ҳаво ҳудудини бузмасликка чақирди. Бу ҳақда Туркия етакчисининг матбуот хизмати хабар берди.
Маълумотга кўра, Эрдўған Туркия ҳеч қандай иштирок этмаётган можаролардан салбий таъсир кўраётганини таъкидлаган. Унинг сўзларига кўра, мамлакат ҳаво ҳудудининг ҳар қандай сабаб билан бузилиши мутлақо қабул қилиб бўлмайди ва Анқара бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун барча зарур чораларни кўришда давом этади.
Суҳбат давомида Эрдўған Эрон ишларига ноқонуний аралашувларни Туркия қўллаб-қувватламаслигини айтган, аммо минтақадаги “биродар давлатлар”ни нишонга олиш ҳеч кимга фойда келтирмаслигини ва бундай ҳаракатлар тўхтатилиши кераклигини таъкидлаган.
Туркия раҳбари, шунингдек Минобдаги мактабга қилинган ҳужум оқибатида, болалар ҳалок бўлгани муносабати билан ҳамдардлик билдирган. У шунингдек, Мужтабо Хоманаийнинг Эроннинг янги диний раҳбари этиб сайланиши минтақада тинчлик ва барқарорликка хизмат қилишига умид билдирган.
Ўз навбатида, Масъуд Пезешкиён Туркия ҳаво ҳудудига кириб қолган ракеталар Эрон ҳудудидан учирилмаганини билдириб, мазкур воқеа юзасидан ҳар томонлама текширув ўтказилишини ваъда қилган.
Аввалроқ, Туркия Президенти маъмурияти Эрон томонидан учирилган ва Туркия томон йўналтирилган баллистик ракета ўз вақтида уриб туширилгани ҳақида хабар берган эди. Ракета НАТОнинг ҳаво ва ракетага қарши мудофаа кучлари томонидан Ғозиантеп шаҳридаги Шаҳинбей тумани осмонида йўқ қилинган. Ҳодиса оқибатида ҳалок бўлганлар ёки жабрланганлар бўлмаган. Бу Эрон атрофидаги инқироз бошланганидан бери Туркия ҳаво ҳудудида қайд этилган иккинчи шундай ҳолат ҳисобланади.
Live
Барчаси