Эрдўған Ҳафтар ҳақида: “Мен террорчи билан бир столда ўтирмайман, ўтиргани ҳам қўймайман”

Олам

image

Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Ливия миллий армияси раҳбари Халифа Ҳафтар билан музокаралар столида ўтирмаслигини маълум қилди.

Якшанба, 19 январь куни Берлинда Россия, АҚШ, Туркия, Миср ва бошқа давлатлар, шунингдек, ЕИ ва БМТ иштирокида Ливия масаласи бўйича халқаро анжуман бўлиб ўтди. Саммитда Ливия миллий бирдамлик ҳукумати раҳбари Фаиз Саррож ва Ливия миллий армияси генерали Халифа Ҳафтар ҳам бўлишди. Лекин улар яна тўғридан тўғри музокарага кела олишмади.

“Мен Путинга биз воситачи ролини ўйнамаймиз, дея дарров айтдим. Путин муаммони ҳал этиш учун Саррож билан ишлашимни, ўзи эса Ҳафтарни гарданига олишини таъкидлади. Бизда ана шундай ёндашув мавжуд. Умуман олганда, сиёсий қарашларимга кўра, мен террорчи билан бир столда ўтирмайман, ўтиргани ҳам қўймайман”, деган Эрдўған журналистлар билан учрашувда.    

Маълумот ўрнида: 2011 йилда Ливияда Муаммар Қаззофий ҳокимиятдан ағдарилиб, ўзи ўлдирилгач, мамлакатда сиёсий инқироз бошланган. Ливияда ҳозиргача қўшҳокимиятчилик ҳукм суради. Амалда давлатчилик йўқ. Шарқда сайланган парламент ҳокимияти ўрнатилган бўлса, Триполи ва ғарбни БМТ ва Европа Иттифоқи кўмагида шакллантирилган Фаиз Саррож бошлиқ Миллий бирдамлик ҳукумати бошқаради.

Шарқдаги ҳукмрон доиралар расмий Триполидан мустақил ва ЛМА қўмондони Халифа Ҳафтар билан ҳамкорлик қилади. Ҳафтар кучлари 2019 йилнинг апрелида пойтахт Триполини эгаллаш учун ҳарбий ҳаракатларни бошлаганди.

Сарвар Анвар ўғли


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Баҳолаганлар

220

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг