Эрдўған доллар ортидан ошиб кетган инфляцияни туширишга бел боғлади
Олам
−
17 Февраль 2022
4420Туркия ҳукумати инфляция даражасини пасайтириш учун самарали чоралар кўришни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Президент Ражаб Тойиб Эрдўған Вазирлар Маҳкамаси йиғилиши якунлари бўйича телемурожаатида айтиб ўтди.
“Энди бизнинг асосий муаммомиз юқори инфляция. Биз уни ҳам енгамиз”, деди Туркия раҳбари.
Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, Туркиянинг тегишли идоралари қўшилган қиймат солиғи туширилиши нархларга таъсир қилиш-қилмаслигини назорат қилади ва бунга қарши чиққан компанияларга нисбатан зарурий жазо чораларини қўллайди.
Президент электр энергияси ва газ нархи юқори бўлган шароитда аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирларини ҳам маълум қилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Эрдўған жорий йилнинг 1 мартидан бир қатор муҳим озиқ-овқат маҳсулотларига қўшилган қиймат солиғи ставкаси 8 фоиздан 1 фоизга туширилишини эълон қилганди.
Маълумот ўрнида, Туркияда инфляция ўтган йилнинг декабрь ойида 13,58 фоизга ошиб, 2021 йилда турк лираси курсидаги тебранишлар фонида 36,08 фоизга етди.
Ўтган йил охирларида Туркия молия тизими миллий валютанинг қадрсизланиши туфайли қийин кунларни бошдан кечирди. Марказий банк ҳисоб ставкасини кетма-кет бир неча марта пасайтирганидан сўнг, у кескин тезлашди: 20 декабрда доллар курси рекорд даражадаги 18,4 лирага етди.
Эрдўған 2019 йил июлидан буён Марказий банк раҳбарини уч марта, 2021 йил ноябридан эса Молия вазирини икки марта алмаштирган. Мухолифат етакчилари Эрдўғанни иқтисодий қобилиятсизликда айблаб, муддатидан олдин сайлов ўтказишга чақирди. Туркия раҳбари бу таклифни рад этиб, Туркияда президентлик ва парламент сайлови режалаштирилганидек 2023 йил июнь ойида бўлиб ўтишини айтди.
LiveБарчаси