Эрдўған Блинкенни Анқара аэропортида қабул қилди
Олам
−
13 Декабрь
4124Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған кеча, 12 декабрь куни Анқарадаги Эсенбоға аэропортида АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкенни қабул қилди. Бу ҳақда Туркия Президенти маъмуриятининг алоқа бўлими хабар берди.
Матбуотга ёпиқ тарзда ўтказилган учрашувда Туркия ва АҚШ ўртасидаги икки томонлама муносабатлар, Суриядаги сўнгги воқеалар, глобал ва минтақавий муаммолар муҳокама қилинган.
“Туркия бошиданоқ Суриянинг ҳудудий яхлитлиги, бирлиги ва унитар тузилишини сақлаб қолиш ва халқаро ҳамжамият Сурияни қайта тиклаш ва қайта қуришда ҳамкорлик қилиши зарурлигини ёқлаб чиқди”, деди Туркия Президенти.
Шунингдек, у ўз мамлакати Суриядаги мухолифат, шунингдек, Курдистон ишчилар партияси (КИП) ва унга қарашли қуролли кучларнинг Суриядаги таҳдиди олдида миллий хавфсизликни ҳимоя қилиш чораларини кўришини айтди.
Унинг айтишича, Туркия НАТО давлати сифатида КИП ва унинг бўлинмаларининг Суриядаги вазиятдан фойдаланишга уринишларига тўсқинлик қилади.
“Туркия барча имкониятлардан фойдаланади ва ИШИДга қарши курашда заифликка ҳеч қачон йўл қўймайди”, дейилади маъмурият баёнотида.
Эрдўған Туркиянинг ИШИД билан юзма-юз курашган ягона НАТО давлати эканини ҳам эслатган.
Бундан ташқари, Эрдўған Туркия давлати Туркия-Америка муносабатларини барча соҳаларда ривожлантиришдан манфаатдор эканини таъкидлади.
Йиғилишда Ташқи ишлар вазири Хоқон Фидан, Президентлик алоқа бошқармаси раҳбари Фаҳриддин Алтун, Президентнинг ташқи сиёсат ва хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Акиф Чағатай Қилич ва Президент аппарати раҳбари Ҳасан Дўған ҳам иштирок этди.
АҚШ Давлат департаменти томонидан эълон қилинган баёнотда эса Блинкен Эрдўған билан учрашувда барча муҳтожларга инсонпарварлик ёрдами оқимини осонлаштириш муҳимлигини таъкидлагани ва кўчирилган сурияликлар ҳимояга муҳтож бўлишда давом этишини таъкидлагани қайд этилган.
“У ИШИДни енгиш учун коалиция ўзининг муҳим миссиясини бажаришда давом этишини таъминлаш зарурлигини таъкидлади. У, шунингдек, Ғазода гаровга олинганларни озод қилиш ва Фаластиннинг тинч фуқароларига гуманитар ёрдам кўрсатишни таъминлайдиган зудлик билан сулҳ битимини тузиш зарурлигини муҳокама қилди”, дейилади Давлат департаменти матбуот котиби Мэтью Миллернинг баёнотида.
LiveБарчаси