Эрдўған АҚШнинг Грециядаги базалари Россияга қарши эканига шубҳа билдирди
Олам
−
09 Июнь 2022
8727Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған АҚШнинг Грецияда жойлашган ҳарбий базалари айнан Россияга қарши қаратилгани ҳақидаги иддаоларга ишонмайди. Бу ҳақда у кеча, 8 июнь куни Венесуэла Президенти Николас Мадуро билан музокара якунлари бўйича ўтказилган матбуот анжуманида айтиб ўтди.
“Ҳозиргача Грецияда АҚШнинг тўққизта ҳарбий базаси ташкил этилган. Улар кимга қарши жойлаштирилган? Улар Россияга қарши эканликларини айтишади. Лекин биз бунга ишонмаймиз”, деган Эрдўған.
Эрдўған, шунингдек, Греция Бош вазири Кириакос Мицотакис аввалига Анқара ва Афина ўртасида учинчи давлатлар иштирокисиз музокара олиб боришни таклиф қилганини, икки ҳафтадан сўнг эса АҚШ Конгрессида нутқ сўзлаганини ва у ерда Туркияга қарши риторика билан нутқ сўзлаганини эслатган.
Май ойида Туркия Президенти Греция Бош вазири АҚШга ташрифи чоғида Анқарага F-16 қирувчи самолётларини сотмасликка чақирганидан сўнг, уни “мавжуд эмас” деб билишини айтди.
НАТОга аъзо Туркия ва Греция Эгей денгизидаги баҳсли ороллар мақоми, ҳудудий сувлар ва ҳаво ҳудуди чегаралари туфайли бир неча бор ҳарбий можаро ёқасига келиб қолишган. Греция Бош вазири жорий йилнинг 25 май куни Давосдаги Жаҳон иқтисодий форумида Туркия авиациясининг ўз мамлакати ҳаво ҳудудини бузиши масаласини Туркия буни тўхтатмагунча кўтаришини айтди. Туркия Ташқи ишлар вазири Мевлуд Чавушўғли эртаси куни Грецияни Эгей денгизидаги оролларни демилитаризация қилиш бўйича халқаро мажбуриятларини бузганликда айблаб, жавоб чоралари билан таҳдид қилди.
LiveБарчаси