Эрдўған 41 кончи ҳалок бўлган портлаш ҳудудига борди

Олам

image

Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған кеча, 15 октябрь куни Бартин вилоятининг Амасра туманидаги портлаш оқибатида ўнлаб одамлар ҳалок бўлган кўмир конига борди. Бу ҳақда “Anadolu Agency” нашри хабар берди.

Қайд этилишича, Туркия раҳбари кончиларнинг яқинлари ва қидирув-қутқарув ишлари иштирокчилари билан суҳбатлашган.

Ички ишлар вазири Сулаймон Сойлу, Меҳнат ва ижтимоий хавфсизлик вазири Ведат Билгин ва Энергетика ва табиий ресурслар вазири Фатиҳ Дўнмаз давлат раҳбарига воқеа кўлами ва унинг оқибатларини бартараф этиш учун кўрилган чоралар ҳақида маълумот берган.

“Амасрадаги кўмир конида содир бўлган авария 41 кишининг ҳаётига зомин бўлди. Ҳодиса ҳар томонлама текширилади”, дейди Президент журналистларга.

Шунингдек, Эрдўған Туркиянинг Табиий офатларнинг олдини олиш ва бартараф этиш бошқармаси қошидаги Мобил табиий офатларни мувофиқлаштириш марказига ташриф буюрган.

“Янги фожиаларнинг олдини олиш мақсадида кончилик корхоналарида энг илғор технологик ечимлар қўлланилади. Ҳокимият фаолият талабларидан четга чиқишга ва ортиқча таваккалчиликларнинг пайдо бўлишига йўл қўймайди”, дейди у.

Давлат раҳбари Амасрадаги кондаги авария муносабати билан ажратиладиган давлат ёрдами миқдори мамлакат Вазирлар Маҳкамасининг бўлажак йиғилишида белгиланишини айтган.

Бундан ташқари, Туркия Президенти Бартин вилоятининг Маракажи қишлоғига ташриф буюриб, кўмир конида юз берган портлаш оқибатида ҳалок бўлган кончилардан бири билан видолашув маросимида иштирок этган.

Эслатиб ўтамиз, 14 октябрь куни куни Туркиянинг Бартин вилоятидаги Амасра шаҳридаги кўмир конида, 300 метр чуқурликда портлаш юз берди.

Туркиянинг табиий офатлар ва фавқулодда вазиятлар бошқармаси (AFAD) маълумотларига кўра, портлаш трансформатор носозлиги туфайли содир бўлган. Аммо кейинроқ агентлик бу маълумотни рад этиб, фавқулодда ҳолат сабаблари ҳали аниқланмагани ҳақида баёнот берди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

102

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг