Эпидемияга тайёргарлик рейтинги эълон қилинди. Ўзбекистон нечанчи ўринда?

Жамият

image

Американинг Nuclear Threat Initiative нотижорат ташкилоти, Жонс Хопкинс университети саломатлик хавфсизлиги маркази ва “Economist” журнали таҳлил маркази томонидан тузилган эпидемияга тайёрлик рейтингида Ўзбекистон 82-ўринни эгаллади.  

Марказий Осиё давлатларидан Қозоғистон 55-ўринда, Қирғизистон 68-ўринда, Туркманистон 119-ўринда, Тожикистон 140-ўринда жойлашган. Умуман олганда, рейтингга дунёнинг 195 та давлати киритилган. 

Биринчи ўнталикдан АҚШ, Австралия, Финляндия, Канада, Таиланд, Словения, Буюк Британия, Германия, Жанубий Корея ва Швеция жой олган. Сўнгги ўн ўрин Сомали, Яман, Шимолий Корея, Сурия, Экваториал Гвинея, Науру, Марказий Африка Республикаси, Тувалу, Ниуэ ороли, Венесуэла ва Жанубий Суданга насиб этган. 

Рейтингни тузишда мамлакатларга олтита тоифа бўйича балл берилган. Биринчи тоифа — “Олдини олиш”. Унда микроорганизмларга қарши кураш сифати ва эмлаш даражаси ҳисобга олинган. Иккинчи тоифа — “Аниқлаш”. 

Учинчи тоифа — “Таъсирланиш”. Бу фавқулодда вазиятларга тайёрлик, соғлиқни сақлаш органларининг тайёргарлик даражаси, инқирозга қарши алоқа сифатини ҳисобга олади. 

Тўртинчи тоифа — “Соғлиқни сақлаш”. Унда шифохоналар ишининг сифати, шифокор ва ҳамширалар сони, карантин чораларини қўллаш имкониятлари ўрганилади. 

Бешинчи тоифа — “Нормалар”. Гап тематик қонунларнинг сифати, халқаро шартномаларда иштирок этиш, эпидемияга қарши курашни молиялаштириш ҳақида бормоқда. 

Олтинчи тоифа — “Хавф”. У инфекцияларга қарши курашни мураккаблаштирадиган сиёсий, ижтимоий, иқтисодий, инфратузилмавий ва бошқа хавфларни ҳисобга олади. 

Умуман олганда, рейтинг тузувчилари жаҳондаги соғлиқни сақлаш ҳолатини салбий баҳолаган. 

“Кўпгина мамлакатлар COVID-19 га қарши курашиш қобилиятини тезда ривожлантира олган бўлса-да, улар ҳали ҳам келажакдаги эпидемия таҳдидларига қарши курашишга хавфли даражада тайёр эмаслар”, деб таъкидлаган улар. 

Қайд этилишича, аксарият давлатлар, жумладан, юқори даромадли давлатлар эпидемияларга тайёрлигини ошириш учун етарли маблағ ажратмаган. Хатарлар деярли ҳамма жойда ошиб кетган ва заиф гуруҳларнинг эҳтиёжлари эътибордан четда қолмоқда. 

2021 йилда дунё бўйича ўртача балл 38,9 ни ташкил қилади. Кўрсаткич 2019 йилга нисбатан деярли ўзгармаган, яъни ҳали ҳам COVID-19 сабоқларига сезиларли реакция бўлганича йўқ.


Мақола муаллифи

Теглар

рейтинг эпидемия

Баҳолаганлар

156

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг