Жамшид Қўчқоров: “Карантин май ойида ҳам давом этиш эҳтимоли анчагина катта”
Жамият
−
15 Апрель 2020
7924Дунёда юзага келган иқтисодий муҳит оғир ва бу барча давлатларга зарар келтиряпти. Бу ҳақда Бош вазир ўринбосари – Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Жамшид Қўчқоров брифинг вақтида айтиб ўтди.
Жамшид Қўчқоров жаҳон ва Ўзбекистон иқтисодиёти ривожланишининг прогнозлари, пандемияга қарши кўрилаётган чоралар ва карантин муддатининг давомилиги ҳақида фикрларини билдириб ўтди.
“Жаҳон иқтисодиётида юзага келган вазият анчагина мураккаб, оғир десак ҳам бўлади. Масалан, куни кеча Халқаро валюта жамғармаси ўз прогнозларини эълон қилди. Прогнозга биноан жаҳон иқтисодиёти йил якунлари билан 3 фоизга қисқаради, яъни минус 3 фоиз. Агар пандемия билан боғлиқ карантин ва шу каби чекловлар иккинчи ярим йилликда давом этадиган бўлса, жаҳон иқтисодиёти қўшимча равишда яна қисқариши мумкинлиги прогноз қилинмоқда.
Жаҳон банки ҳам ўз прогнозларини эълон қилди. Халқаро валюта жамғармаси прогнозига кўра, Ўзбекистон иқтисодиёти режадаги 5,5 фоиз ўрнига 1,6-1,8 фоиз атрофида ўсиши кутилмоқда.
Бу фақатгина талаб инқирози эмас, таклиф инқирози ҳам десак бўлади. Инқироз банклар ёки йирик мамлакатлар ҳукуматларининг айби билан вужудга келмади, худди табиий офатга ўхшаган жараён бўляпти”, деди Жамшид Қўчқоров.
Бош вазир ўринбосари Ўзбекистонда карантин чоралари май ойида ҳам сақланиб қолиши кутилаётганини айтиб ўтди.
“Олдимизда турган муаммолардан бири шуки – 2-чорак биз учун ўта мураккаб бўлиши кутиляпти. Чунки кўплаб мамлакатлар каби Ўзбекистонда ҳам карантин билан боғлиқ чекловлар асосан апрель ойига тўғри келяпти ва май ойида ҳам давом этиш эҳтимоли анчагина катта”, дейди Жамшид Анварович.
Бош вазир ўринбосарининг сўзларига кўра, инқирозга қарши 3 қисмли – пандемияга қарши, ижтмиоий ҳимоя ва иқтисодий чоралар кўриляпти.
“Бугунги кунга келиб, инқирозга қарши амалга оширилаётган чораларни 3 та қисмда айтиш мумкин. Биринчиси, бу бевосита пандемия билан боғлиқ чора-тадбирларни амалга ошириш. Яъни, бу янги карантин марказлари, янги касалхона қуриш, дори-дармон, тестлар сотиб олиш. Бу бўйича бирорта чеклов йўқ, уларнинг ҳаммаси тўхтовсиз амалга ошириляпти.
Иккинчи қисм чора-тадбирлар ҳақида гапирганда, бу аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш. Президентимизнинг фармон, қарорларига биноан болали оилаларга берилаётган нафақалар муддати чўзилди. Бунга тегишли маблағлар ажратилди. Ишсиз, банд бўлмаган аҳоли учун жамот ишларини ташкил қилиш учун қўшимча маблағлар ажратилди.
Умуман, бандлик, ишлаб чиқаришни рағбатлантириш учун инқирозга қарши кураш жамғармасидан 3,6 триллион сўм маблағ ажратилди. Барча чора-тадбирларнинг амалга оширилишидан мақсад битта – аҳоли даромадлари кескин пасайиб кетишини юмшатиш, иккинчидан иқтисодиёт тармоқларини қўллаб-қувватлаш. Шунинг учун сўнгги 1-2 кундан бошлаб Вазирлар Маҳкамаси, тегишли вазирлик ва идоралар томонидан бир қатор саноат корхоналари узлуксиз фаолият кўрсатишини таъминлаш бўйича чоралар кўриляпти”, деди Жамшид Қўчқоров.
Аввалроқ, Ўзбекистоннинг савдо шерикларида миллий валюта қадрсизланганида сўмнинг долларга нисбатан қиймати нега пасаймагани ҳақида хабар берган эдик.
LiveБарчаси