Энергия ресурслар нархи ошишини кутмагандик – Нурмуротов тарифларнинг инфляцияга таъсири ҳақида
Жамият
−
22 Июль 2022
7939Ўзбекистон Марказий банки жорий йилда мамлакатда инфляция даражаси 12 фоиз бўлишини прогноз қилганда йил ўртасида энергия ресурслари учун тарифларнинг оширилишини инобатга олмаган. Бу ҳақда Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуротов маълум қилди.
“Биз йил охиригача инфляция 12 фоиз доирасида шаклланади деганда тарифлар иккинчи ярим йилликда ўзгаришини ҳисобга олмадик. Яъни биз ўзимизнинг ҳисоб-китобларимизда тарифлар бугунги кун даражасида маълум бир корректировка бўлиши мумкин – ҳокимиятлар ва бошқалар берадиган ички локал тарифлар бор – бироқ ҳукумат даражасида биз тарифлар йил охиригача ўзгармаса керак, деган мулоҳазадан келиб чиқиб, 12 фоизлик инфляцияни белгиладик”, дейди Нурмуродов.
МБ раисига кўра, май ойида газ ва электр энергияси учун таклиф қилинган тарифлар ракурсидаги дастлабки ҳисоб-китобларда бу ўзгаришнинг йиллик инфляцияга таъсири 2-2,4 фоиз атрофида тахмин қилинган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 31 май куни Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига “Ёқилғи-энергетика ресурсларининг нархларини ўзгартириш тўғрисида”ги Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси жойлаштирилди. Қарорда 2022 йил 1 июлдан Ўзбекистон бўйлаб аҳолига газ ва электр энергияси учун “ижтимоий норма” жорий қилиниши ва нарх оширилиши таклиф қилинди.
Мазкур қарор лойиҳаси билан 2022 йил 1 июлдан бошлаб электр энергияси бўйича аҳоли учун ойига 250 кВт соатгача "ижтимоий норма" белгиланаётган эди. Шунингдек, 1 кВт 325 сўмга баҳоланди. Нормадан ошиқ истеъмол қилинган электр энергиянинг ҳар 1 кВт соати учун – 650 сўм тўланиши айтилди.
Табиий газ бўйича ўрнатиладиган тартиб эса иситиш мавсумини ҳисобга олиб белгиланиши қайд этилди. Хусусан, аҳоли учун:
• 1 куб м табиий газ истеъмоли ойига иситиш мавсумида 700 куб метргача – 410 сўм, 700 куб метрдан юқори ҳар 1 куб метр учун – 1 200 сўм;
• иситиш мавсумидан ташқари даврда 200 куб метргача – 410 сўм, 200 куб метрдан юқори ҳар 1 куб метр учун – 1 200 сўмни ташкил қилиши;
• суюлтирилган газ эса аҳоли учун – 1 600 сўм миқдорида белгиланаётган эди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь