Энергия ресурларидан фойдаланиш қоидаларини бузиш жиноятлар қаторидан чиқарилади

Жамият

image

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси жойлаштирилди.

Лойиҳа Ўзбекистон Президентининг 2020 йил 24 ноябрдаги “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ–6118-сон Фармони 13-банди иккинчи хатбошиси ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилди.

Фармонга кўра электр ва иссиқлик энергияси, газ, ичимлик сувидан фойдаланиш қоидаларини бузиш билан боғлиқ жиноятларни, агар ҳуқуқбузарлик натижасида анча миқдордан кам бўлган зарар етказилган бўлса, декриминализация қилиш бўйича қонун ҳужжатларига ўзгартириш киритиш юзасидан таклифлар киритиш бўйича топшириқ берилган.

Таъкидланишича, энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланиш, электр ва газ тармоқларига ўзбошимчалик билан ёки қоидани бузган ҳолда уланиш учун айбдор шахсларни жавобгарликка тортиш бўйича суд-тергов амалиётининг таҳлили шуни кўрсатдики, мазкур тоифадаги ҳуқуқбузарликлар бўйича қилмишнинг ижтимоий хавфлилиги ва унинг учун белгиланган жазолар ўртасида номутаносибликлар мавжуд.

Натижада, мазкур тоифадаги маъмурий ҳуқуқбузарликлар ва жиноятлар учун ўрнатилган санкциялар ҳуқуқбузарликни олдини олиш мақсадига хизмат қилмаяпти. Жумладан, айрим ҳолларда қилмишнинг ҳавфлилик даражаси катта бўлмасада, қилмиш жиноят сифатида таснифланаётган бўлса, бошқа ҳолатларда қилмишнинг ижтимоий хавфи ва етказилган зарар миқдори катта бўлсада, у ижтимоий хавфи катта бўлмаган ва унча оғир бўлмаган жиноят сифатида баҳоланмоқда.

Шу сабабли, электр, иссиқлик энергияси, газ, водопроводдан фойдаланиш қоидаларини бузиш ҳуқуқбузарликлар учун белгиланган жазоларнинг мутаносиблигини таъминлаш ҳамда ушбу жазоларнинг, биринчи навбатда, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга ҳизмат қилишини таъминлаш мақсадида қуйидагилар таклиф этилмоқда:

1) Жиноят кодексининг 1852-моддасининг биринчи қисмида назарда тутилган жиноятни декриминализация қилиш;

2) жиноий қилмишлар қасддан анча миқдорда, кўп миқдорда ва жуда кўп миқдорда зарар етказилишини назарда тутганлигини инобатга олиб, ЖКнинг 1852-моддасининг иккинчи – тўртинчи қисмларидаги санкцияларни кучайтириш. Бунда, ижтимоий хавфлилик даражаси мутаносиблиги ҳамда қилмиш моҳиятан товар (мол-мулк) ҳисобланган энергоресурсларни ўзлаштиришда ифодаланишини инобатга олиб, ушбу жиноятлар учун санкциялар миқдорини белгилашда талон-торож қилиш ва ўғрилик жиноятлари учун белгиланган санкциялар миқдоридан келиб чиқиш.

3) декриминализация қилинаётган жиноят таркибини Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўтказиш ҳамда ушбу ҳуқуқбузарлик учун маъмурий жазо чораларини кучайтириш;

4) МЖтКнинг 163-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик учун жавобгарликни кучайтиришбиринчи қисми санкциясини кучайтириш.

Энергоресурслардан ноқонуний фойдаланиш билан боғлиқ ҳуқуқбузар-ликлар учун жавобгарликка тортиш бўйича ҳалқаро амалиёт шуни кўрсатдики, аксарият давлатларда бундай тоифдаги ҳуқуқбузарликлар жиддий жиноятлар сифатида баҳоланиб, тегишли санкциялар назарда тутилганлиги аниқланди.

Жумладан, Сингапурда газ ҳисоблагичига ташқаридан таъсир қилиш 10 000 доллар миқдорида жарима ва 1 йилгача озодликдан маҳрум қилиш, агар бунда газдан ноқонуний фойдаланилса 50 000 долларгача жарима ва 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган. Худди шу каби электрдан ноқонуний фойдаланиш 50 000 долларгача жарима ва 3 йилгача озодликдан маҳрум қилишга сабаб бўлади.

Германия ва Англияда ушбу тоифадаги жиноятлар учун 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган. Айни пайтда, Англиянинг 1961 йилдаги Ўғрилик тўғрисидаги қонунига мувофиқ, энергоресурслардан фойдаланишдаги барча аралашувлар ва ноқонуний истеъмол ўғирлик сифатида баҳоланади ҳамда шунга мувофиқ жазо тайинланади.

Туркияда газ ва бошқа суюқ шаклдаги энергия ресурсларини ушбу ресурсларни сақлаш, қайта ишлаш ва реализация қилиш билан шуғулланадиган ташкилотлар томонидан ўғирлаш 5 йилдан 12 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлашга асос бўлади.

Таклиф қилинаётган ўзгартиришларнинг амалиётда қўлланиши соҳадаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва камайишига, таъминотчи корхоналарга ушбу жиноятлар натижасида етказилган зарарнинг тўлиқ қопланишига сабаб бўлади.

Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан қўшимча маблағлар талаб қилмайди.


Мақола муаллифи

Теглар

энергия ресурслар

Баҳолаганлар

48

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

Мавзуга доир янгиликлар