Энергетика вазирлиги келаси ҳафта кутилаётган совуқ кунлардан қандай ўтмоқчилиги айтилди
Жамият
−
05 Январь 2023
15479Ўзбекистонда келаси ҳафта кутилаётган аномал совуқда биринчи навбатда аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларига электр энергияси, табиий ва суюлтирилган газ ҳамда кўмир маҳсулотини барқарор етказиб бериш чоралари кўрилади. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги маълум қилди.
Қайд этилишича, кеча, 4 январь куни Энергетика вазири бошчилигида тизим корхоналари раҳбарлари ва масъул ходимлари иштирокида видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтган. Унда келгуси ҳафта республика ҳудудида ҳаво ҳароратининг аномал пасайиши даврида ёқилғи-енергетика соҳасидаги ишларни тўғри ва тизимли ташкил қилиш, истеъмолчиларни энергия ресурслари билан барқарор таъминлаш бўйича зарур чоралар кўриш масалалари муҳокама қилинган ва қатор вазифалар белгилаб берилган.
Жумладан, биринчи навбатда аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларига электр энергияси, табиий ва суюлтирилган газ ҳамда кўмир маҳсулотини барқарор етказиб бериш чоралари кўрилиши таъкидланган. Бунинг учун:
1. Автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари фаолиятига киритилаётган чекловлар давом эттирилади;
2. Йирик ишлаб чиқариш корхоналарига табиий газ етказиб бериш ҳажми кескин камайтирилади;
3. Энерготизимдаги йирик истеъмолчиларнинг кунлик электр энергияси истеъмоли камайтирилади ва тежалган 11-12 млн кВт-соат электр энергияси аҳоли истеъмолига йўналтирилади;
4. Энерготизимда содир бўлиши мумкин бўлган йирик аварияларни олдини олиш, барча истеъмолчиларни бир маромда электр энергияси билан таъминлаш мақсадида маҳаллий ҳокимликлар билан келишилган ҳолда тасдиқланган графикларга асосан қисқа муддатли чекловлар киритилади;
5. Электр энергиясини ишлаб чиқарувчи иссиқлик электр стансиялари ва марказларнинг барқарор ишлашини таъминлаш мақсадида кунига ўртача 49 млн куб метр табиий газ етказиб берилади;
6. Бугунги кунда мазкур станциялар учун 90 минг тонна мазут ва 280 минг тонна кўмир ёқилғиси захираси яратилди;
7. Истеъмолчиларга кунлик кўмир етказиб бериш ҳажми 5000 тоннадан 8000 тоннага оширилади.
Қайд этилишича, совуқ кунларда электр энергиясига бўлган талаб ортиши натижасида электр тармоқлари ва трансформатор пунктларида ҳам юкламалар кескин ошади.
Бунда, диспетчерлар маҳаллий ҳокимликлар ва ҳудудий электр тармоқлари корхоналари томонидан тасдиқланган чеклов графикларига қатъий амал қилишлари, яъни белгиланган муддатдан ортиқ чекловлар киритмаслиги таъкидланган.
Икки соатдан ошмаган вақт оралиғида ҳудудлар кесимида жорий этилаётган чеклов графиклари барча вилоят ҳудудий электр тармоқлари корхоналарининг ижтимоий тармоқдаги саҳифаларида эълон қилиб борилиши таъминланиши ваъда қилинмоқда.
Шунингдек, аномал совуқ кунларида тармоқларда юзага келиши мумкин бўлган носозликларни бартараф этиш учун электр ва газ таъминоти корхоналарида туну-кун ишлайдиган 1000 дан ортиқ махсус бригада ташкил этилган.
LiveБарчаси