Энди ЙТҲ содир қилган ҳайдовчилар маъмурий жавобгарликка тортилмаслиги мумкин
Жамият
−
29 Сентябрь 2021
10216Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш қоидаларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Бу ҳақда жорий йилнинг 27 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 609-сонли қарорида белгиланди.
Эндиликда қонунчиликка кўра, йўл-транспорт ҳодисалари бўйича ҳайдовчилар ИИБ ходимлари иштирокисиз ҳодиса тўғрисидаги хабарномани тузиш орқали суғурта товонини олишлари мумкин бўлади.
Шунга мувофиқ, 2021 йил 1 ноябргача суғурта ташкилотларининг веб-сайтларида хабарнома бланкаси намунаси жойлаштирилади ва уни юклаб олиш имкони яратилади.
Хабарнома икки нусхада қуйидаги асослар бир вақтнинг ўзида мавжуд бўлганида тузилади:
• жабрланувчига енгил жароҳат етмаганида ёки мол-мулк шикастланмаганида;
• иштирокчилардан бири ўз айбига иқрор бўлмаганида;
• ҳодиса пиёда иштирокисиз содир этилганида;
• ҳодиса фақат 2 та транспорт иштирокида бўлганида;
• иштирокчиларнинг фуқаролик жавобгарлиги суғурта қилинган бўлса;
• ҳайдовчилик гувоҳномаси, рўйхатдан ўтказганлик тўғрисидаги гувоҳнома, ишончнома, йўл варақаси мавжудлиги;
• ҳайдовчилар маст бўлмаса;
• транспортларнинг шикастланиши низони келтириб чиқармаса.
Маълумот учун, йўл-транспорт ҳодисаси тўғрисидаги хабарнома – содир этилган йўл-транспорт ҳодисаси ҳақида суғурталовчига хабар бериш учун ҳодиса содир этилган жойда унда иштирок этган ҳайдовчилар томонидан ихтиёрий равишда тўлдириладиган, транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлиги вужудга келганлиги фактини тасдиқловчи ҳужжат ҳисобланади.
Маълумот учун мазкур қарор 2021 йил 25 ноябрдан кучга киради.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 28 август куни “Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартириш киритилганди. Ўзгартиришга мувофиқ, йўл-транспорт ҳодисаси тўғрисидаги хабарномани тузиш учун асослар белгиланган эди.
Бунда ҳайдовчилар йўл-транспорт ҳодисаси тўғрисида хабарнома расмийлаштирган тақдирда маъмурий жавобгарликка тортилмаслиги белгиланганди.
Хусусан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 133-моддасига киритилган ўзгартиришга кўра, транспорт воситалари ҳайдовчиларининг йўл ҳаракати қоидаларини бузиши жабрланувчига анча миқдорда моддий зарар етказилишига олиб келган ҳолларда йўл-транспорт ҳодисасида иштирок этган ҳайдовчилар томонидан йўл-транспорт ҳодисаси тўғрисида хабарнома тузилган тақдирда ҳайдовчи жавобгарликка тортилмаслиги белгиланди.
Транспорт воситалари эгаларининг ўз фуқаролик жавобгарлигини суғурта қилиш мажбурияти “Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 6-моддасида келтирилган бўлиб, унга кўра транспорт воситалари эгалари транспорт воситаларидан фойдаланишда бошқа шахсларнинг ҳаёти, соғлиги ва (ёки) мол-мулкига зарар етказганлик учун ўз фуқаролик жавобгарлигини ушбу Қонунда белгиланган тартибда ва шартларда суғурталашлари шарт, деб белгиланган.
Шунингдек, фуқаролик жавобгарлигини суғурта қилиш мажбурияти қуйидаги транспорт воситаларининг эгаларига нисбатан татбиқ этилмайди:
• энг катта конструктив тезлиги соатига йигирма километрдан ошмайдиган транспорт воситалари;
• тиркамалар ва икки, уч ғилдиракли ёки иш ҳажми эллик куб сантиметргача бўлган двигатель ёки инсон ёхуд ҳайвон кучи билан ҳаракатга келтириладиган бошқа транспорт воситалари;
• Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг транспорт воситалари, бундан Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг хўжалик фаолиятини таъминлаш учун фойдаланиладиган автобуслар, енгил автомобиллар, бошқа транспорт воситалари мустасно;
• чет давлатларда рўйхатдан ўтказилган транспорт воситалари, агар улар эгаларининг фуқаролик жавобгарлиги Ўзбекистон Республикаси ҳудудида амал қиладиган халқаро мажбурий суғурта тизимлари доирасида суғурталанган бўлса.
LiveБарчаси