Энди ёшлар ижтимоий аҳволига қараб 3 тоифага ажратилади
Жамият
−
11 Апрель 2023
11199Энди Ўзбекистонда ёшлар билан ишлаш бўйича мутлақо янги тизим жорий қилинади. 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшларнинг ижтимоий аҳволи, қобилияти ва қизиқишлари ўрганилиб, улар 3 тоифага ажратилди. Эндиликда улар билан манзилли, аниқ мезонлар асосида ишланади. Бу ҳақда бугун, 11 апрель куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ёшлар билан ишлашнинг янгича тизимини жорий этиш борасидаги долзарб вазифалар юзасидан ўтказилган йиғилишда маълум қилинди.
Ёшлар қуйидаги жиҳатларга кўра 3 тоифага:
• яхши ўқиётган, тадбиркорлигини йўлга қўйган, расмий секторда ишлайдиган, қобилияти бор, ижтимоий фаол бўлган 4,4 миллион ёшлар “яхши” тоифага;
• турмуш тақозоси билан расмий сектордан иш топа олмаган, лекин иқтисодий фаол 4,6 миллион ёш “ўрта” тоифага;
• давлатнинг ғамхўрлиги ва эътиборини кутаётган ҳамда кўмакка муҳтож 396 минг нафар ёшлар “аҳволи оғир” тоифага алоҳида ажратиб олинди.
Йиғилишда давлат раҳбари учинчи тоифага батафсил тўхталди. 116 минг нафар ёшларнинг ногиронлиги бўлса, 30 мингтасида сурункали касалликлар борлиги, 32 минг нафар ёшлар профилактика, 16 минг нафари пробация назоратида, 9 минг нафари мунтазам дарс қолдиришини маълум қилди.
Ҳар бир вазир, вазир ўринбосарлари, вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари, сектор раҳбарлари, олийгоҳ ректорлари, Миллий гвардия ва ҳарбий қисм командирларига учинчи тоифадаги 50 нафардан эътиборга муҳтож ёшлар номма-ном бириктирилиши белгиланди.
Вазирлик ва идоралар, маҳаллий ҳокимликлар асосий эътиборини “ўрта” тоифага кирган 4,6 миллион ёшлар билан ишлашга қаратиши лозимлиги таъкидланди.
LiveБарчаси