Энди ўқувчилар давомати “ақлли” камералар билан назорат қилинади
Жамият
−
05 Май 1273 2 дақиқа
Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманидаги айрим мактабларга синов тариқасида ўрнатилаётган “ақлли” камералар ёрдамидан ўқувчилар давомати назорат қилинади. Бу ҳақда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги хабар берди.
Қайд этилишича, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Мудофаа вазирлиги ҳамда Ўзбекистон маҳаллалари уюшмасининг 2025 йил 18 сентябрдаги қўшма қарори билан тасдиқланган тегишли низом талабларига кўра:
- мактаб ўқувчиларининг давомати синф миқёсида фан ўқитувчилари ва синф раҳбарлари томонидан “э-мактаб” платформаси орқали ҳар куни белгилаб борилади.
- Низомга асосан мактабда фаолият юритувчи инспектор-психолог томонидан сабабсиз дарс қолдирувчи ўқувчиларнинг ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларга дастлаб ўрнатилган тартибда расмий огоҳлантириш хати юборилади.
Бунда ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслардан ўқувчининг мактабга таълим олиши учун мунтазам боришини таъминлаш сўралади ҳамда мазкур қонуний талабни бажармаслик уларга нисбатан тегишли қонуний жавобгарлик белгиланишига сабаб бўлиши ҳақида огоҳлантирилади.
Шунингдек, ўқувчиларнинг мунтазам равишда дарсларга қатнашмаслик ҳолатлари аниқланганда, ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-моддасига кўра тегишли жавобгарликка тортиш чораси кўрилади.
“Айтиш лозимки, айни вақтда пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек туманидаги айрим мактабларга синов тариқасида ўрнатилаётган “ақлли” камералар мазкур жараёнларни янада самарали ташкил этишда мактаб маъмуриятига катта кўмак бериши табиий”, дейилади хабарда.
Билдирилишича, бу мактаб жамоаси, балки ота оналарнинг ҳам ўз фарзандларини таълим олиши ва дарсларга қатнишишини онлайн назорат қилиш, шунингдек, уларнинг хавфсизлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
Маълумот учун, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-моддасидан:
- ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан вояга етмаган болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик, шу жумладан вояга етмаган болаларнинг маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этишига олиб келиши базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараваридан беш бараваригача миқдорда;
- худди шундай ҳуқуқбузарликлар маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳридаги барча умумтаълим мактабларининг 10- ва 11-синф хоналарига махсус камералар ўрнатилиб, уларда “Smart School” электрон дастурини жорий қилиш орқали юқори синф ўқувчиларининг давомати назорат қилиниши ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси