Энди Соғлиқни сақлаш вазирига коррупция ҳолатида шахсан қўнғироқ қилиш мумкин бўлади

Жамият

image

Бугун, 4 январь куни Соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов янги лавозимга ўтаганидан сўнг биринчи маротаба вазирликдаги ҳайъат йиғилишини ўтказди. У йиғилишда бир неча муҳим масалаларга тўхталди, жумладан, соҳадаги коррупцияни йўқ қилишга алоҳида урғу берди. Шунингдек, у фуқароларнинг мурожаатларини қабул қилиш мақсадида ишонч телефон сифатида ўзининг шахсий рақамини қолдиришини таъкидлади.

“Кўпчиликка маълум бўлган коррупция урчиган бир қатор йўналишлар борки, биринчи навбатда уларга барҳам беришимиз керак. Хусусан, ишга жойлаштириш, айниқса ҳамшираларни, роддомлардаги “суюнчи пули”, “кесарча кесиш” учун белгиланган ставкалар, ордер беришдаги таниш-билишчилик каби иллатлар мавжудлигини ҳамма билади. Афсуски, шу ишларни амалга ошираётган айрим нопок шахслар туфайли бутун тизим шаънига доғ тушмоқда. Янги йилни тизимда “Коррупцияга қарши кураш йили” деб эълон қиламиз. Вазирликнинг махсус “Ишонч телефони” ташкил этилади. Шу билан бирга ишонч телефони сифатида ўзимнинг шахсий рақамимни ҳам киритаман”, дея айтган Соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов.

Шунингдек, йиғилишда малака тоифасини беришда, инсон омили аралашмайдиган, шаффоф, 3 босқичли янги тизим жорий этилиши айтиб ўтилган.

“Таълим йўналишидаги бюрократик тўсиқларга барҳам берилади. Методик қўлланмалар, монографиялар, услубий қўлланмалар, илмий ишларга хулосалар беришни вазирлик томонидан тасдиқлаш тизими бекор қилиниб, барча ваколатлар эндиликда ОТМлар ва ихтисослаштирилган марказлар томонидан амалга оширилади. Бундан ташқари, 2023 йил 1 апрелдан бошлаб, малака тоифаси олиш бўйича тақдим этиладиган ҳужжатлар Давлат хизматлари марказлари орқали фақат электрон шаклда қабул қилиш тартиби жорий этилади. Малака тоифа сертификатлари QR-код қўйилган ҳолда электрон шаклда расмийлаштирилади. Кейинги йилдан бошлаб фармацевтика ва тиббиёт ходимлари фаолиятини босқичма-босқич лицензиялашга ўтамиз”, дея қўшимча қилган Амрилло Иноятов.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг тегишли фармони билан 2022 йилнинг 30 декабрь куни Амрилло Шодиевич Иноятов Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири лавозимига тасдиқлангани ҳақида хабар берилган эди.

Озода Чориева


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Баҳолаганлар

1

Рейтинг

2.5

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг