Энди республика даражасидаги ташкилот раҳбарлари ҳам онлайн танланади
Жамият
−
20 Июнь 4180 2 дақиқа
Энди республика даражасидаги ташкилот раҳбарлари ҳам Давлат фуқаролик хизматчилари вакант лавозимларининг ягона портали орқали танланади. Бу ҳақда кеча, 19 июнь куни қабул қилинган “Давлат фуқаролик хизматини янги ёндашувлар асосида ташкил этиш ҳамда профессионал ва натижадорликка йўналтирилган давлат хизматчилари корпусини шакллантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент фармонида сўз боради.
Фармонга мувофиқ Давлат хизмати лавозимларини эгаллаш бўйича танлов ўтказишда жорий йил 1 августдан бошлаб республика, ҳудудий ва туман (шаҳар) даражасидаги ташкилотлардаги лавозимларнинг бошқарув ва ёрдамчи гуруҳлари учун танловлар фақатгина Давлат фуқаролик хизматчилари вакант лавозимларининг ягона портали орқали ўтказилади.
Қонунчиликда лавозимга тайинлашда тегишли органлар билан келишилиши лозим бўлган лавозимлар бўйича келишув ушбу органларнинг вакилларини танлов комиссияси таркибига киритиш йўли билан амалга оширилади.
Тест синовлари Давлат хизматчиларини синовдан ўтказиш модули орқали махсус жиҳозланган хоналарда ёки масофавий онлайн прокторинг тизими орқали ўтказилади. Бунда тегишли давлат органида тест синовларини махсус жиҳозланган хоналарда ёки масофавий ўтказиш масаласи Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан мурожаатлар таҳлили, ўрганишлар ва сўровномалар натижаларига кўра ҳал этилади.
Шунингдек, Давлат хизматини ривожлантириш агентлигига қуйидаги ҳуқуқлар берилади:
- танловнинг суҳбат босқичига давлат органлари, фуқаролик жамияти институтлари, олий таълим муассасалари, илмий ташкилотлар ёки давлат органи ҳузуридаги жамоатчилик кенгашларининг вакилларидан экспертларни жалб қилиш;
- танлов якунларига таъсир кўрсатган ва бартараф этиб бўлмайдиган камчиликлар аниқланган тақдирда, тегишли давлат органига танлов комиссиясининг қарорини бекор қилиш бўйича кўриб чиқилиши мажбурий бўлган тақдимнома киритиш.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ мазкур фармон билан эндиликда давлат хизматига биринчи марта қабул қилинган давлат хизматчилари билан меҳнат шартномаси дастлаб бир йил муддатга тузилиши ва кейинчалик фаолиятининг ижобий натижаларига кўра меҳнат шартномаси номуайян муддатга узайтирилиши хабар қилинганди.
Live
Барчаси