Энди Путин СССРни фашизм билан тенглаштирганларни аямоқчи эмас
Олам
−
16 Апрель 2022 18606 2 дақиқа
Энди Россияда СССРни фашизм – нацистлар Германияси билан тенглаштирганлар жаримага тортилади. Бу ҳақда Президент Владимир Путин имзолаган “СССРни нацистлар Германияси билан тенглаштиришни тақиқлаш ҳақида”ги қонунда белгиланган.
Унга кўра, қонунни бузган фуқароларга 1000 дан 2000 рублгача жарима солинади ёки 15 кунгача маъмурий қамоққа олиш жазоси қўлланилади, мансабдор шахсларга эса 2000 дан 4000 рублгача, юридик шахсларга 10 минг рублдан 50 минг рублгача жарима солинади.
Такрорий ҳуқуқбузарликлар янада қаттиқроқ жазолар қўллашга олиб келади. Бундай ҳолда фуқаролар учун жарима 2,5 мингдан 5 минг рублгача бўлади, бундан ташқари, 15 кунгача ҳибсга олиш қўлланилиши мумкин. Мансабдор шахслар учун 5 000 рублдан 20 000 рублгача ёки олти ойдан бир йилгача дисквалификация қилинади, юридик шахслар учун 50 000 рублдан 100 000 рублгача жарима белгиланади ёки 90 кунгача фаолияти тўхтатиб қўйилади.
Ишларни кўриб чиқиш судялар, ички ишлар органлари (полиция) мансабдор шахслари, шунингдек “Роскомнадзор” ходимларининг ваколатларига киради. Улар бундай ҳуқуқбузарликлар тўғрисида баённомалар тузиш ҳуқуқига эга бўлади.
Федерация Кенгаши қонунни 13 апрелда маъқуллади, Давлат Думаси ҳужжатни 6 апрелда қабул қилди.
2021 йил июлда Путин СССР ва фашистлар Германиясининг Иккинчи Жаҳон уруши вақтидаги мақсад ва ҳаракатларини тенглаштиришни ҳамда совет халқининг фашистлар устидан қозонилган ғалабадаги ҳал қилувчи ролини инкор этишни тақиқловчи қонунни имзолаганди.
Live
Барчаси