Энди одамларни турк сериали ёки футбол билан алдаб бўлмайди – Китоб савдогари билан суҳбат
Интервью
−
01 Февраль 2020
8277Китоб мутолааси. Китоб ўқиш, инсон тафаккурини ўстириш жуда ҳам муҳим жараён. Билимга чанқоқ ёшу қари китоб илинжида дўконга боради. Бироқ китоблар нархи аҳоли даромадига нисбатан қиммат бўлса-чи?
Бир китобга кетадиган меҳнат, янги Солиқ кодексида китоб саноати ва маърифатга эътибор берилмагани ҳақида соҳада маълум тажрибага эга, тадбиркор Фируз Аллаевни суҳбатга тортдик. “Asaxiy.uz” интернет-дўкони эгаси китоб саноатида солиқ имтиёзлари бериш зарурлигини тушунтирди.
– Маълумки, янги солиқ кодекси қабул қилинди ва кучга кирмоқда. Бу кодекс китоб саноатига қандай ўзгаришлар олиб келиши тахмин қилинмоқда?
– Фақатгина, янги солиқ кодекси эмас, бошқа омиллар ҳам ўз таъсирини кўрсатади. Масалан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори бўлиб, унга биноан 2020 йил 1 январгача китоб савдоси солиқлардан озод қилинган эди. Энди эса китоб савдоси ҳам бошқа бизнес турлари каби қўшилган қиймат солиғи ва бошқа солиқларга тортилиши белгиланди.
Биз янги солиқ кодексидан китоб ишлаб чиқаришда қандайдир имтиёзлар бўлишини кутгандик. Йўқ, ҳеч қандай солиқ имтиёзлари кўзда тутилмади. Китобга ҳам кўчадаги оддий озиқ-овқат дўкони ёки маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари сингари бир хил солиқ тўланиши белгиланди.
– Битта китоб ишлаб чиқариш учун солиқлар қанчага тушмоқда?
– Битта корхонанинг йиллик пул айланмаси 1 миллиард сўмга етмаган бўлса, бошқа бизнесдаги каби ягона солиқ тўлашади. Бу 4 фоиздир. Агар 1 миллиард сўмдан ортса, қўшилган қиймат солиғи вужудга келади. Бу маҳсулот таннархининг 15 фоизи деганидир. Шунингдек, корхоналардан олинадиган даромад солиғи ҳам бу йилдан бошлаб 12 фоиздан 15 фоизга кўтарилади. Даромад солиғи аввал қўшилган қиймат солиғи ва харажатлардан ташқари олган даромадингиздан тўланади.
Бундан ташқари, ходимларнинг маошига даромад солиғи 15 фоиз тўланади. Таржимон, ёзувчи, редактор ва бошқа ижодкор ходимларнинг гонорарига ҳам 15 фоиз солиқ назарда тутилган.
– Бу ҳолатни қандай баҳолайсиз?
– Либерал одам сифатида айтганда, иқтисодиётда рақобат бўлишини қўллаб-қувватлайман. Яъни, бозор шароитларида ҳаммага бир хил имконият яратилиши, тўғри деб ҳисоблайман. Лекин айрим ижтимоий соҳаларга имтиёзлар берилмаса бўлмайди. Бутун дунёдаги тажриба шундай. Энг капиталистик давлатларда ҳам буни кўриш мумкин. Масалан, Францияда нон, гўшт, сут маҳсулотларига рамзий маънода 1 фоиз қилиб ҚҚС белгиланган. Умумий ҚҚС эса 21 фоиздир. Китоб савдосига нисбатан эса 5,5 фоиз қилиб белгиланган.
Германияда бу рақам 7,7 фоиз экан. Россияда китоб ишлаб чиқаришга 10 фоиз солиқ солинган, умумий ҚҚС 20 фоиз. Китоб бу – маърифат. Бу халқнинг онгги учун керак. Ижтимоий аҳамияти кучли бўлгани учун бу соҳада қандайдир имтиёзлар бўлиши, солиқ бошқа соҳалардан камроқ бўлиши дунё тажрибасида бор. Бизда ҳам шундай бўлиши керак деб ўйлайман.
– Сўзингиздан бизнинг янги солиқ кодексига ҳам янгиликлар киритилиши керак деб тушунсак бўладими?
– Тан оламизми, йўқми биз китоб ўқиш бўйича орқада қолган давлатларданмиз. Аҳоли сонига сотилаётган китоб, ўқилаётган китоб сони жуда кам. Биз китоб ўқишни тарғиботини қилиб туриб, кучли авлод етиштирмасак, яна бир неч ўн йил тараққиётдан орқада қоламиз. Тараққиёт қилиш учун, маърифатни кўтариш учун китоб энг муҳим манба. Таълим ва китоб долзарб соҳалардир. Шунинг учун ҳам бизда бу масалани кўриб чиқилиши керак. Ёки субсидия қилиниши керак. Статистикага кўра, аҳолининг 43 фоизининг даромади ойига бир миллиондан кам экан. Бу расмий маълумот. Китоб нархини тушириш сунъий тарзда қилинмаслиги керак. Бизда шундай методлар бор-ку. Гўштнинг нархини тушириш керак бўлса, мажбурий нарх белгиланади. Бу тартибда эмас, табиий йўллар билан ишлаб чиқиш керак. Ҳеч бўлмаса, 5-10 фоиз солиқлар туширилиши мақсадга мувофиқ бўлар эди. Ҳеч бўлмаса, нархини ошмаслигига ҳаракат қилиш керак.
– Нархнинг арзонлашиши китоб кўпроқ сотилишига таъсир кўрсатадими? Китоб ўқийдиган одам нархга қарармикин?
– Баъзида китоб бозорида 500 сўм фарқ ҳам сезилиши мумкин. Лекин бизда китоблар сал қимматроқ. Чунки китобни тайёрлаш жараёни бор. Унда ишлайдиган кадрлар бор: муҳаррир, таржимон ва ҳоказо. Агар сиз профессионал кадрлар билан ишласангиз, ўз-ўзидан харажати ошиб боради. Қимматроқ маҳсулот ишлаб чиқаришга мажбур бўласиз. Шундай китобларни кўряпмизки, 100 бетли китоблар 6-7 минг сўмдан сотилаётганлари ҳам бор. Ичини кўрсангиз, қоғознинг сифатидан тортиб муҳаррирнинг ишигача сифатсиз ҳолда. Нархни ушлаб тураман деб, сифатдан воз кечишга мажбур бўлган. Масалан, Жим Коллинзнинг “Яхшиликдан буюкликка” деган китоби бор. Ўша китоб деярли 600 бетли бўлиб, 87 бетли қилиб таржима қилиб чиқаришибди. Бу нархни тушириш, бозорда кўпроқ сотишга ҳаракат деб ўйлайман.
– Китоб саноатидан асосий мақсад – халқнинг онггини кўтариш. Бу ҳолатда аксинча, зиён етказиб қўйиш мумкин-ку...
– Фақат бизда эмас, бутун дунёда китоб ҳам бир бизнес. Масалан, китоб чиқариб юрган ҳусусий нашрларнинг ҳаммаси маърифий жиҳатидан зарурлигини ҳис қилишади. Лекин буни бизнес деб қабул қилишади. Чунки тадбиркор одам ўз-ўзидан даромад олишни ўйлайди. Камида ходимларининг ойлигини тўлаб, ижарасини тўлаб, маълум миқдорда даромад олишни ўйлайди. Сифатсиз китоб чиқарилса, фойдасидан кўра зарари кўпроқ тегади. Умуман олганда, бу соҳада муаммолар бор. Сифат масаласида муаммолар бор. Кўп йиллар ишлаш керак бўлади. Узоқ йиллар давомида профессионал муҳаррирлар, корректорлар шаклланиши керак. Таржимонлар мактаби яхши ишлаши керак. Афсуски, ҳозирги таржимонлик факультетларидан чиқаётган таржимонлар жуда ачинарли аҳволда. Ҳам кадрлар, ҳам бозор ривожланмагани сабаб муаммолар кўп.
Тан олиш керак, сўнгги йилларда сўз эркинлиги берилди. Одамларга бироз эркинлик берилганидан, фикрлаши пайдо бўлганидан сўнг, у одамни шунчаки турк сериали ёки футбол билан алдаб бўлмайди. Ўз-ўзидан, ҳаттоки энг чекка қишлоқдаги одамда ҳам фақат шоу-бизнес эмас, билим олишга қизиқиш пайдо бўлди. Чунки, сўз эркинлиги сабаб матбуотда кўп материаллар чиқяпти. Халқ бунга ўрганмаган. У тушунишни хоҳлайди. Ҳозир Ўзбекистонда китобга бўлган қизиқиш ошди. Умид қиламан, кейинги йилларда шуни ушлаб қолсак, китоб савдоси аста-секинлик билан жонланиб боради.
– Демак, биринчи босқич – халқда қизиқиш уйғониши вужудга келди. Кейинги босқич қандай бўлиши керак?
– Бундан кейин ҳам китоб тарғиботини давом эттириш керак. Китоблар контентини ривожлантириш керак. Қизиқарли китобларни кўпроқ чиқариш керак. Мақсад – халқнинг қизиқишини янада ошириб боришдир. Ўз навбатида, китоб савдоси талаб бўлган вақтда керакли таклифни бера олиш ҳам керак. Масалан, талаб бор, яъни халқ сўраяпти. Лекин таклиф бўлмаса, ишонч ўлиб қолади. Масалан, ўзбек киноларига ҳеч ким ишонмай қўйган. Лекин яхши кинолар чиқади. Одамлар эса буни яхшилигига ишонмайди. Чунки қайсидир босқичга келиб шоу-бизнес юлдузлари билан олинадиган кинолар халқнинг эҳтиёжига жавоб бермай қўйган. Талаб бўлиб турган вақтда таклиф бўлмаган, яъни яхши кино бўлмаган ва халқнинг ишончи ўлган.
– Китоб саноатидаги кадрлар масаласида гапирдингиз. Битта китобни нашрдан чиққунича, нечта босқичдан, нечта мутахассиснинг қўлидан ўтади?
– Ҳозир биз 7 та босқичда ишлаяпмиз. Биринчи китобларимиздан бўлган Жорж Оруэллнинг “1984” китобини таржима қилиб чоп этдик. Бунда юзлаб имловий хатолар кетиб қолди. Кадрларни алмаштириб кўрдик, бироқ бунда ҳам хатолар бўлаверди. Кейин Францияга бориб ўрганиб келдик. Айни вақтда 7та босқич қилинган. Аввал, муаллифлик ҳуқуқи сотиб олинади. Сўнгра, таржимон асарнинг оригинал тилидан таржима қилади, яъни немис тилими, французми ёки испанми, фарқи йўқ. Кейин муҳаррир текшируви бўлади. Олдинлари битта муҳаррир кўриб чиқарди. Ҳозир кўпроқ текширув бўлади. Бунда муҳаррирлардан бири таржимани оригинал асар билан солиштириб чиқади. Бирор жумла нотўғри кетмагани, тушиб қолмаганини текширади. Масалан, иккимизга битта ўзбекча матнни берса, иккимиз икки хил тушунамиз. Шу сабабли, таржиманинг таҳририни ҳам киритдик. Кейин бадиий муҳаррир кўриб чиқади. Сўнгра, мусаҳҳиҳ кўриб чиқади. Корректировкадан сўнг, дизайнер кўриб чиқади. Дизайнердан сўнг ҳам мусаҳҳиҳ кўриши лозим. Чунки дизайнер саҳифалаганда, бўғин кўчиришларда муаммо юзага келган бўлиши мумкин. Шу босқичлардан сўнг, китобни рўйхатдан ўтказишга берамиз ва чоп этамиз. Битта китоб ҳолига келгунигача кўп босқичлардан ўтади. Энг охири ўзим ўқиб чиқаман.
– “Бу китобга рухсат олишибди, бу китобга рухсат беришибди” деган сўзларни ижтимоий тармоқларда кўп ўқиганмиз. Бирорта китобни нашр қилиш учун ўзига хос рухсат олиши тизими мавжудми?
– Йўқ, бу рухсат олиш тизими дегани цензура эмас. Китобларнинг ҳам ўзининг махсус кодлари бор. Китобга ўша кодни олиб рўйхатга олиш учун АОКАда рўйхатдан ўтказилади. Рухсат олишда муҳим жиҳат борки, хоҳлаган китобни сотиб олиши учун муаллифдан рухсат олиш керак. Шу масалада бўлса, рухсат олиниши мажбурийдир.
LiveБарчаси