Энди одамлар йирик корхона ва банкларнинг акциясини сотиб олиши мумкин

Жамият

image

Ўзбекистонда илк бор Навоий ва Олмалиқ комбинатлари, Металлургия комбинати, “Ўзтелеком”, Миллий банк, Саноатқурилишбанк каби йирик корхоналарнинг ўртача 2 фоиз акциялари аҳолига сотилади. Бу ҳақда бугун, 24 март куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтган давлат мулкини хусусийлаштириш ишларининг ижроси ва бу борада жорий йилги режалар муҳокамаси юзасидан йиғилишда сўз борди. 

Йиғилишда Тошкент вилоятида 112 та объект сотилиб, уларнинг негизида 150 та тадбиркорлик субъекти ва мингдан зиёд янги иш ўрни пайдо бўлгани алоҳида ўрнак сифатида кўрсатилди. Лекин Қорақалпоғистон Республикаси, Қашқадарё, Наманган, Сурхондарё ва Сирдарёда ўтган йили савдога чиқарилган мулкларнинг 30 фоизи ҳам сотилмаган. Тармоқлар кесимида айтганда, “Ўздонмаҳсулот” акциядорлик компанияси таркибидаги мулкларнинг хусусийлаштирилиши суст.

Умуман, жорий йил бошида 30 мингдан ортиқ давлат объектида ўтказилган хатлов бу борада ишлар ҳали кўплигини кўрсатган.

Шу боис бугун давлатимиз раҳбарининг қарори билан хусусийлаштириш дастури тасдиқланди. Унда учта йўналишда – акция, кўчмас мулк ва IPO бўйича хусусийлаштириш режалари белгиланган. 

Биринчидан, 1 мингта корхонадаги давлат акция пакетлари сотувга чиқарилади.

Иккинчидан, 1 мингта кўчмас мулк объектлари оммавий савдоларга қўйилади. Уларда 600 гектар ер ва 1 миллион квадрат метрли бино-иншоотлар мавжуд. Энг муҳими, инфратузилма билан таъминланган ва аҳоли пунктларига яқин.

Ушбу объектларни сотишни тезлаштириш учун мулкларни сотишга тайёрлаш муддати ҳозирги 80 кундан 48 кунга қисқартирилади. 2 минг квадрат метргача бўлган объектларни тадбиркорларнинг мурожаати асосида тўғридан-тўғри савдога чиқаришга рухсат берилади.

Учинчидан, 40 та йирик корхона ва банклардаги давлат улуши “халқчил IPO” орқали сотилади. Жумладан, илк бор Навоий ва Олмалиқ комбинатлари, Металлургия комбинати, “Ўзтелеком”, Миллий банк, Саноатқурилишбанк каби йирик корхоналарнинг ўртача 2 фоиз акциялари аҳолига таклиф этилади. Бунда аҳолига акцияларни тўғридан-тўғри сотиб олиш имконияти яратилади. Акциялари сотилган корхоналар беш йил давомида соф фойдасининг камида 30 фоизи дивиденд тўлашга йўналтиради.

Ҳисоб-китобларга кўра, мазкур дастур самарасида жорий йилда 13 триллион сўм тушум таъминланади, 3 мингта янги корхона ташкил этиш ва 50 мингта иш ўрни яратиш имконияти пайдо бўлади.

Йиғилишда ушбу вазифалар барча ҳудуд ва тармоқлар кесимида муҳокама қилинди. Мутасаддилар дастур ижросини таъминлаш бўйича ҳисобот берди. 

Хусусийлаштириладиган давлат мулклари имкониятини аҳоли ва тадбиркорлар ўртасида тарғибот қилиш, ҳужжатларни расмийлаштиришда уларга кўмаклашиш муҳимлиги таъкидланди. Йирик давлат компанияларини капитал бозорига олиб чиқиш, инвестиция лойиҳалари самарадорлигини ошириш бўйича кўрсатмалар берилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг