Энди марказий поликлиникаларда болалар бўлими ташкил этилади
Жамият
−
18 Март 2022 4149 2 дақиқа
Учинчидан, оилавий шифокор пунктлари, оилавий ва кўп тармоқли поликлиникаларда стационар тиббий хизматлар кундузи соат 13:00 га қадар ишлайди. Шу сабабли, аксарият аҳоли шифокор назорати талаб қилинмайдиган кечки даво олиш учун ҳам, шифохонага ётишга мажбур. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев тиббиёт ходимлари билан мулоқотида сўз очди.
“Бирламчи тизимда кундузги стационарлар иш вақтини узайтиришни сўраб, 500 дан ортиқ мурожаат келиб тушган.
Шу боис, оилавий шифокор пунктлари, оилавий ва кўп тармоқли поликлиникаларда кундузги стационар иш вақти соат 20:00 гача узайтирилади. Уларда ишлайдиган шифокор ва ҳамширалар иш ҳақига қўшимча устама тўланади”, дейди давлат раҳбари.
Президентнинг қайд этишича, аҳолининг 11 миллион нафарини 18 ёшгача болалар ташкил этса-да, туман ва шаҳар поликлиникаларида болалар бўлими мавжуд эмас. Оқибатда, бирламчи бўғинда болаларга манзилли ва малакали тиббий хизматлар кўрсатилмагани учун, уларни даволаш ихтисослашган шифохоналар зиммасига тушмоқда.
“Аҳолининг кўплаб эътирозлари ҳам, поликлиникаларда болалар учун шароит йўқлиги билан боғлиқ. Энди, бу тизимни ўзгартириш вақти келди”, дейди Шавкат Мирзиёев.
2022 йил 1 майдан бошлаб:
• барча кўп тармоқли марказий поликлиникаларда болалар бўлими ташкил этилади;
• 17 мингдан зиёд тиббиёт бригадаларига яна қўшимча 8,5 мингта болалар ҳамшираси ва доя (акушер) штатлари берилади.
• улар оналарга болаларнинг соғлом бўлиб дунёга келишидан тортиб, вояга етгунига қадар, тўғри парвариш қилишни ўргатади;
• болалар учун профилактик кўриклар дастури қайта кўриб чиқилиб, 18 ёшгача бўлган болаларни педиатр, стоматолог, эндокринолог, ортопед каби энг зарур мутахассислар томонидан манзилли кўрикдан ўтказиш тизими жорий қилинади.
Live
БарчасиТуркия ҳам “Тинчлик Кенгаши”га қўшилди
22 Январь