Энди кўчмас мулкнинг бозор нархига яқин қийматини аниқлаш учун оммавий баҳолаш ўтказилади
Жамият
−
06 Март
3748Ўзбекистонда кўчмас мулкнинг бозор нархига яқин қийматини аниқлаш учун оммавий баҳолаш тизими жорий этилади. Бу ҳақда Президентнинг жорий йил 5 март куни қабул қилинган “Кўчмас мулкни оммавий баҳолаш тизимини жорий этиш тўғрисида”ги фармонида сўз боради.
Фармонга кўра, кўчмас мулк объектларининг бозор нархига яқин бўлган қийматини аниқлашнинг замонавий усуллари ва механизмларини жорий этиш ва кенг қўллаш, аҳоли ва тадбиркорларнинг иқтисодий активлари ўсиб бориши учун қулай шарт-шароит яратишнинг асосий мақсадлари этиб қуйидагилар белгиланди:
- республикадаги мавжуд 8 миллиондан ортиқ турар ва нотурар жойлар, 7 миллионга яқин ер участкаларининг иқтисодий актив сифатидаги қийматини аниқлаш;
- кўчмас мулк объектининг солиқ солиш, олди-сотди қилиш, гаровга қўйиш, жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш ва бошқа ҳолатлар учун аниқланадиган қиймати ўзаро мутаносиб бўлишини таъминлаш;
- кўчмас мулк бозорига оид ишончли, тўлиқ ва даврий равишда янгиланиб борадиган ахборот базани яратиш;
- солиқ солишда адолатлилик тамойилини янада кенг жорий этиш.
2025 йилдан босқичма-босқич барча кўчмас мулк объектлари уларнинг бозор нархига яқин бўлган қийматини аниқлаш мақсадида даврий равишда оммавий баҳолашдан ўтказилади.
Оммавий баҳолаш ишлари қуйидаги босқичларда амалга оширилади:
- 2025–2026 йилларда – эксперимент тариқасида Тошкент шаҳрида;
- 2026–2027 йилларда – Нукус шаҳри ва вилоятлар марказларида;
- 2027 йил ва ундан кейинги йилларда – қолган ҳудудларда.
Шундай қилиб, республикадаги 8 миллиондан ортиқ турар ва нотурар жой бинолари, шунингдек, 7 миллионга яқин ер участкасининг қиймати аниқланади, кўчмас мулк бозорининг маълумотлар базаси яратилади ҳамда солиқ солишда адолат тамойили жорий этилади.
Ушбу мақсадларда Кадастр агентлиги ҳузурида кўчмас мулкни оммавий баҳолаш бўйича Миллий марказ ташкил этилади.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги оммавий баҳолаш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширувчи орган этиб белгиланди.
1 ноябрга қадар “Кўчмас мулк бозорини мониторинг қилиш” ахборот тизими – маълумотларни йиғиш, қайта ишлаш ва таҳлил қилиш учун, шунингдек, “Кўчмас мулкни оммавий баҳолаш” тизими – объектларнинг бозор қийматига яқин баҳосини аниқлаш учун ишлаб чиқилиб, жорий этилиши лозим.
Бундан ташқари, 2025 йил декабригача Иқтисодиёт ва молия вазирлигига Тошкент шаҳрида ўтказилган тажриба натижалари асосида мол-мулк солиғи ва ер солиғига нисбатан солиқ ставкаларини камайтириш ҳамда солиқ базасини қайта белгилаш бўйича таклифлар тайёрлаш вазифаси юклатилган.
LiveБарчаси