Энди Халқ қабулхоналари янги тизимда ишлайди
Жамият
−
13 Март 4309 4 дақиқа
Энди Халқ қабулхоналари фақатгина ариза қабул қилувчи орган эмас, балки ҳудуддаги муаммоларни диагностика қиладиган марказ бўлади. Бу ҳақда бугун, 13 март куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтаётган аҳоли мурожаатлари билан ишлаш тизимини такомиллаштириш юзасидан видеоселектор йиғилишида маълум қилинди.
Президент янги тизим қандай ишлашини Қарши шаҳри мисолида тушунтириб берган. Қайд этилишича, ўтган йили Халқ қабулхонасига Қарши шаҳри аҳолисидан келиб тушган 11 мингта мурожаат таҳлил қилинган.
Мисол учун, Қарши шаҳридаги 255 нафар одам алимент тўлашдан бўйин товлаб юрганининг сабаблари ўрганилганда уларнинг 193 нафари касб-ҳунари бор бўлгани билан ишсиз экани, яна 62 нафари даромадини камайтириб кўрсатаётгани аниқ бўлган.
Бу жараёнда ҳокимлик, банклар ва ҳоким ёрдамчилари, шаҳар бандлик ва МИБ бўлимлари биргаликда ишлаб, фуқароларни тадбиркорликка жалб қилади, ишсизларни ҳудуддаги саноат ва сервис корхоналаридаги вакант ўринларга жойлаштиради. Хорижда ишлаш истагида бўлган алимент тўловчилар билан уч томонлама шартнома тузиб, тил ва касбга ўргатиб, хорижга юқори даромадли ишларга юборади.
Шаҳар солиқ инспекцияси эса Бош прокуратура департаменти билан биргаликда даромадини яшириб келаётганларнинг фаолиятини “соядан” чиқаради. Шунда алимент тўловчилар қарамоғида бўлган 700 га яқин боланинг моддий таъминоти ўзгариши таъкидланган.
Қарши шаҳридаги мурожаатларнинг 146 таси ойлик маошлар кечикаётгани билан боғлиқ. Ҳокимнинг биринчи ўринбосари ойлик тўламаётган ташкилотларнинг молиявий аҳволини таҳлил қилиб, хомашё, айланма маблағ, инфратузилма, бозор топиш билан боғлиқ масалаларини ҳокимнинг инвестиция бўйича ўринбосари ва банклар билан ҳал қилиб беради. Ойликни асоссиз бермаётган корхоналардан эса ўрнатилган тартибда мажбурий ундирилади.
Қарши шаҳрида бугунги кунда 35 минг хонадонли 930 та кўп қаватли уй бор. Уларга 40 та бошқарув сервис компанияси хизмат кўрсатмоқда. Уларнинг фаолиятидан норозилик билдирилган 111 та шикоят келиб тушган.
Ҳокимнинг қурилиш бўйича ўринбосари энг кўп мурожаат тушган Чўлқувар, Нуристон, Ойдин маҳалласига бориб, аҳоли ва бошқарув компаниялари билан учрашиши белгиланган. Бунда бошқарув компаниялари пулдан қийналаётган бўлса, уларга айланма маблағ топиб беради.
Электр, йўл, сув ёки канализация билан боғлиқ муаммолар бўлса, ушбу масалани Ислоҳотлар штабига бериб, инвестиция дастурига қўшимча киритади, Мажбурий ижро бюроси билан бошқарув компанияларининг дебитор қарздорлигини ундиришга кўмаклашади.
Уй-жой билан таъминлаш бўйича Қарши аҳолисидан 124 та мурожаат келиб тушган. Қарши шаҳрида бу йил 3 минг 700 та хонадонли кўп қаватли уйлар қурилиши режа қилинган.
Ҳоким ўринбосарлари шаҳардаги банклар ва девелоперлар билан биргаликда уй-жой бўйича мурожаат қилганлар билан бирма-бир учрашади. Уларга янги қурилаётган уй-жойларни таклиф этади, кредит, субсидия бўйича масалаларини тезкорлик билан ҳал қилиб беради.
Шаҳардаги давлат идораларида 1,5 мингдан зиёд ходим ишлаяпти. Уларнинг фаолияти бўйича 794 та шикоят келиб тушган. Масалан, ички ишлар ходимларининг муомаласи ва тергов сифати юзасидан 281 та ариза йўлланган.
Вилоят ички ишлар бошлиғининг кадр ва жамоат хавфсизлиги бўйича ўринбосарлари ҳафтанинг бир кунини ёш терговчилар, профилактика инспектори, йўл ва пост-патруль ходимларини ўқитиш, муомала маданиятини ўргатишга бағишлайди.
Ходимларига нисбатан эътирозлар кўп бўлган Мажбурий ижро бюроси, солиқ, электр, сув ва газ, тиббиёт ва таълим идораларининг раҳбарлари ҳам ўз ишини худди шу йўсинда ташкил қилиши зарурлиги қайд этилган.
Қарши шаҳридан Халқ қабулхонасига нафақа бўйича 877 та мурожаат келиб тушган. Мазкур масалада мурожаат қилган аёлларнинг муаммосини фақат нафақа тўлаш нуқтаи назаридан эмас, балки бошқа қийинчил
Шаҳар ҳокимининг ижтимоий масалалар бўйича ўринбосари мактабгача ва мактаб таълими бўлими билан 309 нафар аёлнинг фарзандини боғчага жойлаштиради. Ҳоким ёрдамчилари ва хотин-қизлар фаоллари билан 82 нафар ишсиз аёлни касбга ўқитиб, маҳалланинг ўзида ишлашига шароит қилиб беради.
159 нафар ёлғиз оналарнинг 90 нафарига тадбиркорликни бошлаш учун, яна 69 нафарига эса фаолиятини кенгайтириш учун имтиёзли кредит олишга кўмаклашилади. “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази билан 34 нафар ногиронлиги бор одамга ижтимоий хизматларни кўрсатиш йўлга қўйилади.
Қарши шаҳри ҳокимига ҳар бир ариза ва шикоятни мана шундай таҳлил қилиб, масъулларига тақсимлаб, биринчи ярим йилликда шаҳарни мурожаатлар билан ишлаш бўйича намунали ҳудудга айлантириш топширилди. Бу жараёнда унга вилоят ҳокими, унинг ўринбосарлари, вилоятдаги ташкилотлар раҳбарлари яқиндан кўмаклашиши белгиланди.
Умуман, барча ҳудудлар ва 208 та туман-шаҳар ҳокимларига Қарши шаҳри мисолида айтилган тизимни самарали йўлга қўйиб, одамларнинг оғирини енгил қилиш вазифаси қўйилди. Улар бу борадаги иш режасини ҳар ой маҳаллий Халқ депутатлари кенгашларида тасдиқлатиб, аҳолига мурожаат қилади.
Худди шундай барча вазирлар ҳам ўз соҳасида бўлаётган эътирозларни камайтириш бўйича “йўл харитаси”ни тасдиқлаб, брифинг ўтказади ва режаларини одамларга етказади.
Live
Барчаси