Энди қайси дорилар рецептсиз берилишини онлайн билиш мумкин
Жамият
−
17 Декабрь 3037 2 дақиқа
Ўзбекистонда фуқаролар дорихонага боришдан аввал керакли дори воситаси рецепт билан ёки рецептсиз сотилишини My.gov.uz портали орқали сониялар ичида аниқлашлари мумкин. Бу ҳақда портал маъмурияти хабар берди.
Аввалроқ, Ўзбекистонда кучли таъсир этувчи дори воситаларининг ноқонуний айланмасига қарши курашиш мақсадида рецепт бериш тизими қатъийлаштирилиб, қоидабузарликка йўл қўйилган тақдирда, дорихоналар лицензиясидан маҳрум этилиши ҳақида огоҳлантирилган эди.
My.gov.uz аҳолига қулайлик яратиш мақсадида, янги хизмат – “Рецепт асосида ва рецептсиз бериладиган дори воситалари ҳақида маълумот” бўлимини ишга туширди.
Тизимдан фойдаланиш тартиби соддалаштирилган бўлиб, керакли дори номини қидирувга киритилгандан сўнг, унинг сотилиш тартиби ҳақида бепул ва аниқ маълумот олиш мумкин.
Маълумки, ҳозирда Тошкент шаҳри ва яна 15 та ҳудудда “Электрон рецепт” тизими босқичма-босқич жорий этилмоқда. Соғлиқни сақлаш вазирлиги тасдиқлаган рўйхат асосида айрим воситаларнинг сотилиши назоратга олинган. Янги сервис эса истеъмолчи ва фармацевт ўртасидаги ҳар қандай тушунмовчиликларга чек қўйиши кутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, “Миллий тикланиш” демократик партияси етакчиси Алишер Қодиров дори воситаларини рецептсиз сотганлик учун жавобгарликни кучайтириш бўйича таклиф тайёрланаётганини маълум қилганди.
Нигора Муҳаммадиева
Live
Барчаси