Энди футболчиларни ҳақорат қилганлар FIFA мусобақаларига чипта ололмайди
Спорт
−
17 Ноябрь 2025 928 2 дақиқа
FIFA футболчилар, мураббийлар ва амалдорларга қаратилган онлайн зўравонликка қарши чораларни янада кучайтирганини маълум қилди. Эндиликда ижтимоий тармоқлар орқали футболчилар ва мураббийларга нисбатан ҳақоратли изоҳ ва пост қолдирган инсонлар FIFA мусобақаларига чипта харид қила олмайди. Бу ҳақда ташкилот расмий саҳифасида хабар берди.
FIFA’нинг 2022 йилда ишга тушган Ижтимоий тармоқларни ҳимоя қилиш хизмати (SMPS) шу йил бошидан буён платформаларда 30 мингдан ортиқ ҳақоратли постни аниқлаган. Умумий ҳисобда бу кўрсаткич 65 мингдан ошган.
2025 йилда Аргентина, Бразилия, Франция, Польша, Испания, Буюк Британия ва АҚШдан жами 11 нафар шахс FIFA мусобақалари чоғида футболчиларга нисбатан ҳақоратли хабарлар ёзгани учун ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига юборилган. Бир ҳолат эса Интерполга оширилган. Шунингдек, тегишли миллий ассоциациялар кейинги чораларни кўриши учун огоҳлантирилган.
FIFA “ўта ҳақоратли хатти-ҳаракатлар” содир этган шахслар “қора рўйхат”га киритилиб, келажакдаги халқаро мусобақаларга чипта харид қилиш ҳуқуқидан маҳрум этилишини тасдиқлади.
SMPS хизматлари бу йили бир нечта йирик мусобақаларда, жумладан, АҚШда ўтказилган клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионатида қўлланилди. Турнир давомида хизмат бешта платформада 2401 та фаол аккаунтни кузатиб, 5,9 миллион постни таҳлил қилди, шулардан 179 517 тасини кўриб чиқиш учун белгилади ва 20 587 та пост бўйича расмий шикоят юборди.
“Футбол майдонда ҳам, трибуналарда ҳам, интернетда ҳам хавфсиз ва инклюзив бўлиши керак. Суиистеъмоллик футболимизда ўрин топмайди. Биз аъзо ассоциациялар, конфедерациялар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан биргаликда ҳуқуқбузарларни жавобгарликка тортишда давом этамиз”, дейди FIFA президенти Жанни Инфантино.
SMPS тизими ирқчи, камситувчи ёки таҳдидли хабарларни аниқлаш, филтрлаш ва блоклаш учун технология ҳамда инсон модерациясидан фойдаланади. Шу орқали футболчилар ва жамоаларнинг издошларини зарарли контент таъсиридан ҳимоя қилиш кўзда тутилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Буюк Британия ва Европадан борадиган футбол мухлислари эски твитлар, майда жиноят ёзувлари сабаб 2026 йилги Жаҳон чемпионатида АҚШга киришда муаммоларга дуч келиши мумкинлиги ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси