Энди африкаликлар ҳам кураш тушади
Спорт
−
04 Январь 2023
4864Ўзбек миллий кураши Африка ўйинлари дастурига киритилди. Бу ҳақда “Дунё” ахборот агентлиги Халқаро кураш ассоциациясига (ХКА) таяниб хабар берди.
Маълум қилинишича, ўзбек кураши 2023 йилнинг август ойида Конго Демократик Республикасининг Браззавил шаҳрида ўтадиган Африка ўйинлари тизимидан алоҳида спорт тури сифатида расман жой олди.
Шу муносабат билан Халқаро кураш ассоциацияси бош котиби ва техник директори Муҳаммад Ризо Носирий мазкур ўйинлар билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилиш мақсадида Конгога хизмат сафари уюштирган.
“Ташриф давомида Конго Ёшлар ва спорт, фуқаролик таълими вазири Хугуес Нгоуелонделе билан учрашди. Мулоқотлар давомида курашнинг Африка ўйинларидаги техник жиҳатларига оид масалалар муҳокама қилинди. Кураш мусобақалари учун зарур бўлган воситалар, техник талаблар ва таклифлар билдирилди”, дейилади хабарда.
Вазир Хугуес Нгоуелонделе мамлакатда курашни энг оммалашган спорт турларидан бири даражасига олиб чиқиш мақсадида йирик мусобақалар ўтказиб келинаётгани ва ҳукумат даражасида қўллаб-қувватланаётганини билдириб, Конго кураш федерациясига кураш гилами совға қилингани учун миннатдорлик билдирган. Шунингдек, у келгусида кураш ватани – Ўзбекистонга ташриф буюриш режаси борлигини билдириб ўтди.
Бундан ташқари, учрашув давомида ХКА бош котиби Ризо Носирий Африка ўйинларида кураш мусобақалари ўтадиган заллар, спортчи ва ҳакамлар, техник делегатлар учун ажратиладиган мажмуалар билан танишган.
LiveБарчаси