Энди адвокатлик қилиш учун қўшимча иш стажи талаб қилинмайди
Жамият
−
04 Август 2023
3028Ўзбекистонда адвокатлик фаолияти билан шуғулланмоқчи бўлганлардан сўраладиган камида икки йиллик иш стажи талаби бекор қилинмоқда. Бунга оид “Адвокатура тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 31-моддасига ўзгартириш киритиш ҳақида”ги қонун бугун, 4 август куни Сенатнинг қирқ учинчи ялпи мажлисида кўриб чиқилди.
Таъкидланишича, ҳозирда адвокатурага ишга қабул қилиш тартибини соддалаштириш, шунингдек адвокатлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқига доир лицензияни олиш тартибини енгиллаштириш зарурати юзага келмоқда.
Шу боисдан ушбу қонун билан адвокатлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқига доир лицензияни олиш учун имтиҳон топширишга талабгор шахснинг юридик мутахассислик бўйича камида икки йиллик иш стажига эга бўлиши тўғрисидаги талаб бекор қилинмоқда.
Сенаторларнинг фикрича, ушбу Қонуннинг қабул қилиниши мазкур соҳага ёш кадрларни ва юридик мутахассислик бўйича икки йиллик иш стажига эга бўлмаган кадрларни жалб этиш тизимини ишлаб чиқишга хизмат қилади.
Маълумот учун, бугунги кунда республикада 4 625 нафар адвокат фаолият юритаётган бўлса, шундан 30 ёшгача бўлганлар сони атиги 51 нафар (1,10 фоиз)ни ташкил қилмоқда. Шу боис адвокатура соҳасига ёш кадрларни жалб қилиш жараёнларини соддалаштириш керак.
Сенатор Наримон Умаровга кўра, мамлакатда умумий ҳисобда ҳар 7,6 минг аҳолига атиги 1 нафар адвокат тўғри келмоқда. Халқаро стандартларга кўра эса, ушбу кўрсаткич жуда паст ҳисобланади. Масалан, Исроилда – ҳар 136 аҳолига, Италияда – ҳар 265 аҳолига, Германияда – ҳар 499 аҳолига, Россияда – ҳар 1 минг 870 аҳолига, Қозоғистонда – ҳар 3 минг 932 аҳолига 1 нафар адвокат тўғри келади.