Энди 14-18 ёшдагилар ҳам мустақил банк картаси очиши мумкин
Жамият
−
13 Ноябрь 2025 3136 1 дақиқа
Эндиликда Ўзбекистонда 14-18 ёшдаги вояга етмаган шахслар ўзлари мустақил тижорат банкларида банк картасини очиши мумкин бўлади. Бу ҳақда Марказий банкнинг жорий йилнинг 11 ноябрь куни Адлия вазирлиги рўйхатдан ўтказган “Ўзбекистон Республикаси ҳудудида банк карталарининг чиқарилиши ва муомалада бўлиши қоидалари тўғрисида”ги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги буйруғида сўз боради.
Ушбу ҳужжат билан фойдаланувчи субъектларга кўра банк карталарининг турлари кенгайтирилди. Хусусан:
- Бизнес банк картаси – якка тартибдаги тадбиркор ёки ўзини ўзи банд қилган шахсга ўз ҳисобварағидаги маблағларни бошқариш имконини беради.
- Ижтимоий банк картаси – ижтимоий ва бошқа тўловлардан тушган маблағларни бошқариш учун мўлжалланган.
Шунингдек, олдиндан эмиссия қилинадиган шахсий банк карталарини чиқариш ва уларни мобил иловалар орқали фойдаланувчини идентификациялаган ҳолда активлаштириш тартиби белгиланди.
Эндиликда 14-18 ёшдаги вояга етмаган шахслар ўзлари мустақил, 14 ёшгача бўлган вояга етмаганлар ота-онасидан бири ёки қонуний вакилининг ёзма розилиги асосида тижорат банкларида банк картасини очишлари мумкин бўлади.
Бундан ташқари, мазкур ҳужжат билан юридик шахслар учун ичимлик ва оқова сув хизматлари учун тўловларни корпоратив банк карталари орқали тўлаш имконияти яратилди.