Энди ҳокимнинг маънавият ва давлат тили бўйича маслаҳатчиси бўлади
Жамият
−
20 Октябрь 4658 2 дақиқа
Ўзбекистонда ҳокимнинг маънавият ва давлат тили бўйича маслаҳатчиси лавозими жорий этилади. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёевнинг бугун, 20 октябрь куни қабул қилинган “Давлат тилини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида сўз боради.
Қайд этилишича, қарор мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётининг барча соҳаларида давлат тили имкониятларидан тўлиқ ва самарали фойдаланиш, таълим ташкилотларида ўзбек тилини ўқитиш тизимини такомиллаштириш, унинг софлигини сақлаш ва мунтазам бойитиб бориш, замонавий ахборот технологиялари ва коммуникацияларига фаол интеграциялашувини таъминлаш, халқаро миқёсдаги ўрни ва нуфузини кенгайтириш мақсадида қабул қилинган.
Қарор билан 2020-2030 йилларда ўзбек тилини ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш концепциясини 2025-2026 йилларда амалга ошириш дастури тасдиқланган.
Шунингдек, қарорга мувофиқ 2026 йил 1 январдан бошлаб республика даражасидаги давлат органлари ва хўжалик бирлашмаларининг марказий аппаратларида ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туман (шаҳар) ҳокимликларида бошқарув ходимларининг белгиланган умумий чекланган сони доирасида раҳбарнинг маънавият ва давлат тили масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозими жорий этилади.
Бундан ташқари, 2026 йил 1 июнга қадар кўп жилдли “Ўзбекистон миллий қомуси”ни электрон шаклда тайёрлаш ва эълон қилиш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси Вазирлар Маҳкамасига киритилади ҳамда 2026 йил 1 декабрга қадар “Она тили. Қомус” китобининг нашрга тайёрланади ва чоп этилади.
Шу билан бирга, Рақамли технологиялар вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Фанлар академияси манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2026 йил 1 майга қадар ўзбек тилини сунъий интеллект ёрдамида қўллаб-қувватлашга хизмат қиладиган платформа ишлаб чиқиш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритади.
Шунингдек, ҳар йили “Ўзбек тили – қалбим таржимони” кўрик-танлови, “Жонажон ўзбек тилим” танлови, умумтаълим мактабларида ўзбек тили мавзусида иншолар танлови, “Йилнинг энг яхши ўзбек тили ўқитувчиси” танлови ўтказилади.