Энди ҳеч ким осонликча бировнинг уйини “снос” қила олмайди – Давлетов

Жамият

image

“Ер участкаларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги қонун Президент Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланди, ушбу ҳужжат халқнинг кўп йиллардан буён қийнаб келган муаммоларига барҳам беради. Бу ҳақда Адлия вазири Русланбек Давлетов Facebook саҳифасида ёзиб қолдирган. 

“Ер участкаларини жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилишига асос бўладиган мақсадларнинг тугал рўйхати тасдиқланмоқда. Энди қонунда белгиланган ҳақиқатан ҳам жамоат эҳтиёжи бўлган 6 та мақсаддан бошқа ҳар қандай ҳолатларда ер участкаларини олиб қўйишни жамоат эҳтиёжлари учун деб баҳолаш тақиқланди.

Қонуннинг яна бир ютуғи шундаки, ер участкаси жамоат эҳтиёжларини амалга ошириш учун бошқа чора бўлмаганда – энг сўнгги чора сифатидагина олиб қўйилиши мумкин. Энг муҳими ташаббускор ер участкасини олиб қўйиш энг сўнгги чора эканини маҳаллий кенгаш ва жамоатчилик олдида исботлаб бериши керак бўлади.

Энди “снос”га тушган бино учун компенсация тўлашга зарур маблағ бўлмаса, бундай ташаббус билан чиқилмайди, яъни “бузаверайлик-чи, компенсация бир гап бўлар” қабилидаги гаплар кетмайди”, дейди Русланбек Давлетов.

Адлия вазирига кўра, энди ер участкасини олиб қўйиш ташаббусини маъқуллашдан бошлаб, уни олиб қўйиш, олиб қўйилган ер участкасидаги кўчмас мулкларни бузишга бўлган жараёнларда ушбу масала маҳаллий кенгаш депутатлари томонидан нақд 3 маротаба кўриб чиқилади. 

Бунда Конституцияга киритилаётган маҳаллий кенгаш ва ҳокимлик ваколатлари аниқ ажратиб қўйилаётганини инобатга олсак, ташаббускорларнинг бузиш жараёнларини “тезлаштириб” юбориши борасида ҳавотирга ўрин қолмайди. 

“Қонуннинг энг асосий принципларидан бири бу жараённинг очиқлигидир, шунга монанд равишда ҳуқуқ эгалари билан очиқ муҳокама ўтказишдан бошлаб, қолган ҳар қандай босқичда жараёнлар 100 фоиз очиқ, яъни ҳуқуқ эгалари оммавий ахборот воситалари, жамоатчилик иштирокида ўтказилиши белгиланди.

Ҳуқуқ эгаси билан келишувга эришилмаган тақдирда, ҳуқуқ эгасини келишувни имзолашга жисмонан мажбур қилиш мақсадида турар ёки нотурар жойни сув, канализация, электр, алоқа (интернет ҳам), иссиқлик ва газ тармоқларидан узиб қўйишга, кириб чиқиш йўлини тўсиб қўйишга йўл қўйилмайди”, дейди Давлетов. 

Қайд этилишича, энди қонун билан қуйидаги ҳуқуқлар компенсация қилиб берилиши аниқ қилиб белгилаб қўйиляпти:

• кўчмас мулк объектларининг бозор қиймати;
• олиб қўйилган ер участкасига бўлган ҳуқуқнинг бозор қиймати (қишлоқ хўжалиги ерларидан ташқари);
• кўп йиллик дов-дарахтларнинг бозор қиймати;
• кўчиш ва бошқа уйни вақтинчалик ижарага олиш билан боғлиқ харажатлар;
• ер участкасидан ва унда жойлашган кўчмас мулк объектларидан фойдаланишдан олиниши мумкин бўлган бой берилган фойда;
• ҳуқуқ эгасининг бошқа харажатлари ва зарарлари.

“Хатто кўпчилик давлатларда мавжуд бўлмаган янги турдаги тўлов компенсация киритилмоқда ҳуқуқ эгасига келтирилган ноқулайликлар учун кўчмас мулк бозор қийматининг 5 фоизи миқдорида бир марталик тўлов амалга оширилади.

Яна бир муҳим кафолат шундан иборатки ҳуқуқ эгасига қонуний тегишли бўлган ерда ўзбошимчалик билан қурилган турар ва нотурар жойлар учун ҳам компенсация тўлиқ берилади.

Бундан ташқари бузишга тушганда компенсация бериладиган уй-жойлар кўлами кенгайтирилди – энди агар аҳоли пункти ичида жойлашган, лекин “кадастри бўлмаган” уйлар бузилса ҳам, агар ушбу ер бўйича 15 йилдан ортиқ солиқлар тўлаб келинган бўлса компенсация тўланади. Таъбир жоиз бўлса, ушбу қонун 3 млнга яқин ҳужжатсиз уйларни бузилишдан “суғурталайди”.

Замонамизда бирор бир жараённи рақамлаштиришсиз тасаввур қилиб бўлмайди, шунга яраша эндиликда “снос” билан боғлиқ барча ҳуқуқий жараёнлар электрон тизимлар орқали амалга оширилади, шу жумладан, қабул қилинган қарорлар, тузилган шартномалар ва берилган компенсациларнинг ҳисоби электрон юритилади.

Фуқароларимизни қонун кучга киргач амалиётда ундан ўз ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда фаол фойдаланишга чақириб қоламиз”, дея сўзини тугатган Адлия вазири.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

131

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг