Энди ҳар бир вилоятга 100 миллион сўмгача маблағ ажратилади. Нима учун?
Жамият
−
01 Апрель 2022
16678Энди 10 апрелдан бошлаб, маҳалла, туман, вилоят ва республика босқичларидан иборат оммавий спорт тадбирлари ўтказилади. Уларни ташкил этиш учун “Ёшлар дафтари” жамғармасидан ҳар бир вилоятга 100 миллион сўмгача, ғолиб ва совриндорларни тақдирлаш учун 1 миллиард сўмгача маблағ ажратилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 1 апрель куни бўлиб ўтган ёшлар ўртасида оммавий спортни ривожлантириш чора-тадбирлари бўйича йиғилишда маълум қилди.
Қайд этилишича, мамлакатда сўнгги уч йилда 118 та спорт мажмуаси, маҳаллаларда 7 мингта спорт майдончаси фойдаланишга топширилган. Бугунги кунда 3 минг 500 та мини-футбол, 6 мингта баскетбол, волейбол, 663 та бадминтон майдонлари, мингдан ортиқ фитнес заллари мавжуд. Ҳар бир туман ва шаҳар марказларида “Саломатлик йўлаклари” ва велосипед йўллари ташкил этилган.
Йиғилишда таъкидланишича, Спортни ривожлантириш вазирлиги маҳаллалардаги ёшлар етакчилари билан бирга йил давомида 6 миллион нафар ўғил-қизларни оммавий спорт тадбирларига қамраб олиши керак. Бунинг учун 10 апрелдан бошлаб, маҳалла, туман, вилоят ва республика босқичларидан иборат оммавий спорт тадбирлари ўтказилади. Уларни ташкил этиш учун “Ёшлар дафтари” жамғармасидан ҳар бир вилоятга 100 миллион сўмгача, ғолиб ва совриндорларни тақдирлаш учун 1 миллиард сўмгача маблағ ажратилади. Энг яхши натижа кўрсатган ёшлар туман ва шаҳар, вилоят ҳамда миллий терма жамоалар таркибига саралаб олинади.
Шунингдек, маҳаллаларда спорт инфратузилмасини яхшилаш, лойиҳалар қийматини мақбуллаштириб, майдончалар ташкил этиш бўйича кўрсатмалар ҳам берилди. Оммавий спорт тадбирларида ёшларнинг иштироки бўйича маҳаллалар рейтингини ишлаб чиқиш, “қониқарсиз” деб топилган жойларга таниқли мураббий ва спортчиларни бириктириб, спортни ривожлантириш зарур.
Олимпия ва паралимпия ўйинлари, халқаро мусобақалар ғолиблари билан маҳалла ёшлари ўртасида мотивацион учрашувлар ўтказиш муҳимлиги айтилди. Шуларни инобатга олган ҳолда, оммавий спортни янада ривожлантириш, жорий йил Ханчжоуда ўтадиган Осиё ўйинларига пухта тайёргарлик кўриш, спорт мураббийлари тайёрлаш тизимини такомиллаштириш бўйича қарорлар ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди. Маълумки, шу йил 14 март куни бокс бўйича Баҳодир Жалолов, гимнастика бўйича Оксана Чусовитина спорт маҳорати мактабларини ташкил этишга доир Президент қарорлари қабул қилинган эди. Йиғилишда шу борада амалга ошириладиган ишлар ҳам тақдимот қилинди.
LiveБарчаси