Иброҳим пайғамбар ҳузурига қайси юз билан чиқасиз? – Эмина Эрдўған Исроил раҳбариятига
Олам
−
16 Ноябрь 2023
11449Исроилнинг Фаластин ва Ғазо халқига нисбатан ваҳший ва даҳшатли ҳаракатлари, геноцидига қарши ҳеч ким биринчи қадамни ташлай олмаяпти. Чунки кўпчиликнинг ушбу тарихий жиноятда иштироки ва улуши бор. Бу ҳақда Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг рафиқаси Эмина Эрдўған кеча, 15 ноябрь куни ўзи бошчилигида Истанбулда ўтган “Фаластин учун ягона юрак” биринчи хонимлар саммитидаги нутқида айтиб ўтди.
“Тилда гуманистик қадриятларнинг экспортёри эканини иддао қиладиган, “цивилизация дунёси” 40 кундан бери чеккан ночорлик, улар томоша қилиб турган иккиюзламачилик сиёсатидан, ўз халқлари сингари биз ҳам уяляпмиз”, дейди Эмина Эрдўған, Ғарбнинг Ғазодаги воқеаларга панжа ортидан қараб, Исроилни қўллаб келаётганига ишора қилиб.
У сўзида давом этиб, Исроил раҳбариятига, бугун Исроилнинг ҳарбий ҳаракатларини қўллаётганларга мурожаат қилиб, шундай деди:
“Ҳеч ким биринчи қадамни ташлай олмаяпти, чунки кўпчиликнинг бу жиноятда тарихий улуши бор. Бугунги этник тозалашни Яратганнинг амри ўлароқ ҳимоя қилаётганларга айтаман: Аллоҳ ҳеч бир болани ўлдиришга изн бермайди. Яратганга нисбатан бундай даҳшатли туҳмат қилишга қандай журъат қиляпсиз? Бир мусулмон сифатида мен буни кескин рад этаман. Чунки биз ишонган Аллоҳ Раҳмон ва Раҳиймдир. “Илоҳий жазога лойиқ шаҳарларда ҳам камида 10 нафар бегуноҳ инсон бўлади”, деган, ўша бегуноҳларга жазо келмаслигини сўраган, ўзини улар учун фидо қилишга тайёр, бутун инсониятни маънавий болалари ўлароқ қабул қилган бобомиз Иброҳим (алайҳиссалом) ҳузурларига қандай юз билан чиқасиз? Қизиқ, Иброҳим пайғамбарга ўз бузуқ мафкурангиз учун 4 мингдан ортиқ болани ўлдирганингизни қандай тушунтириб берасиз?”
Барча яхшилик пешволари, айниқса, Иброҳим пайғамбар ва бошқа пайғамбарлар ўзларини бағишлаган тинчлик ва нажот йўлидан бораётганлари учун Истанбулда тўпланганларини ифода этган Эмина Эрдўған, ниятлари қасос эмас, балки ҳамма учун адолатли ва барқарор тинчликни таъминлаш эканини урғулади.
“Ҳеч бир мафкура, ҳеч қандай сиёсий ва иқтисодий манфаат бегуноҳ инсон ҳаётидан қимматли эмас. Мен инсониятнинг ҳақиқатдан узилган ва адолатдан йироқ режаларини амалга ошириш учун болаларни оддий ёқилғидек кўрадиган сионистик ғилдиракнинг бу нарсиссизмига бўйсунишини рад этаман”, дейди Туркия биринчи хоними.
Эслатиб ўтамиз, саммитда Ўзбекистон Республикаси Президентининг рафиқаси Зироат Мирзиёева ҳам иштирок этиб, Ғазода бир ойдан ортиқ вақт давом этаётган, минг-минглаб инсонлар, айниқса, бегуноҳ болалар, кексалар ва аёллар умрига зомин бўлаётган даҳшатли воқеаларни ҳеч нарса билан оқлаб бўлмаслигини қайд этди.
LiveБарчаси