Эквадорда баланд “ананас” бино қурилди
Бу қизиқ
−
12 Декабрь 2022
4873Жанубий Америкaда жойлашган Эквадор мамлакатида мураккаб конструкцияли бино қуриб битказилди. Турар-жой мажмуаси Эквадор пойтахти Китодаги энг баланд бинодир. Бу ҳақда “Wаlpaper” сайти хабар берди.
Мажмуанинг умумий баландлиги 133 метр, қаватлар сони эса 32 тани ташкил қилади. Лойиҳанинг энг ноёб томони “тиканли” айвонлар билан қопланганида. Шунингдек, бинонинг асоси айлана кўринишига эга. Шу туфайли уни узоқдан кўрган одам катта ананас мевасига ўхшатади. Ҳозирга қадар бу усулдан асосан кам қаватли биноларда қўлланилган. Шу сабабли мажмуа энг ноодатий, мураккаб, баланд бинолар қаторидан ўрин олди.
Бинода фақат турар-жой хоналари эмас, балки савдо дўконлари, кичик боғлар, дам олиш ҳудудлари, офислардан ташкил қопган. Умумий ҳисобда 220 хонадон, 36 та офис мавжуд. Яна бир муҳим томони уни дунёга танитаётган айвонлари маҳаллий ўсимликлар ва дарахтлар билан қопланган.
“Биз Кито шаҳрининг барча ўзига хос томонларини лойиҳага киритдик. Китода фасллар инсон ва ўсимликлар ҳаёти учун жуда чиройли ўтади. Бизнинг мақсадимиз мана шу табиий завқланишни бир нуқтада туриб ҳис қилишдир. Бу бинода ҳам компаниямиз дизайнига айланган “тикан”лардан фойдаландик”, дейди “BIG” компанияси асосчиси Бжарке Ингелс.
Нурмуҳаммад Файзуллаев
LiveБарчаси