“Экологиянинг душмани – ҳокимиятлар”. Тошкентда 144 туп дарахт кесиб ташланди

3-саҳифа

image

Тошкентнинг Яккасарой туманида 144 туп дарахт мораторий талабларига зид равишда кесиб ташланди. Бу ҳақда Экология вазири маслаҳатчиси Расул Кушербаев маълум қилди.

Унинг билдиришича, ижтимоий тармоқлар орқали 25 октябрь куни тунда дарахтлар кесилаётгани ҳолати Экология вазирлиги инспексияси томонидан ўрганилган. Ўрганишда Яккасарой туманининг Нукус кўчаси ва Бобур кўчаси кесишмасидан бошлаб, Бобур кўчаси бўйлаб автомобиль йўли ёнидаги жами 144 туп дарахт (можжевельник) кесиб кетилгани аниқланган.

Гувоҳларнинг сўзларига кўра, ушбу дарахтлар Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари Бахтиёр Раҳмоновнинг ўсиб турган дарахтлар ўрнига бошқа дарахтлар экиш тўғрисидаги топшириғига асосан, ободонлаштириш бошқармаси томонидан тунги вақтда кесиб ташланган.

Бу Президент фармонига асосан жорий этилган мораторий талабларига зид ҳисобланади. 25 октябрдан дарахтлар кесилган ҳудудда манзарали дарахтлар экиш ишлари бошлаб юборилган.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, табиатга етказилган зарар 620 млн 472 минг сўмни ташкил этмоқда. Аниқланган ҳолатлар бўйича айбдорларга тегишли жазо кўриш учун ҳужжатлар расмийлаштирилиб, прокуратура органларига юбориш чоралари кўрилмоқда.

“Айни вақтда прокуратура органларининг бу масалада холис ва қонуний кўмаги керак. Чунки Яккасарой тумани экология ходимлари босим остида ушбу ҳолат бўйича тезкор чора кўриш учун ўрганиш ва ҳужжатларни расмийлаштиришга йўл қўйилмаган. Шу боис, ҳолат Экология вазирлиги назоратида ўрганилмоқда”, деб ёзди Расул Кушербаев.

Унинг қайд этишича, ҳолат акс этган видео ижтимоий тармоқларда тарқалгач, гўёки Яккасаройда қуриб қолган дарахтлар кесилган деб, босим қилиб, Telegram-каналлардан ўчиртириш бошланган.

“Билмайман, бу ҳоким ўринбосари нима хоҳлаяпти. Албатта, бу кесилгандан кейин унинг ўрнига бошқа янги дарахт экилиши керак ва у солиқ тўловчилар ҳисобидан шаклланадиган бюджетдан яна пул кетказилади. Бюджетнинг пули шу ишларга сарфланади. Бундан ким манфаатдор ўзи? Кўм-кўк кўкариб турган дарахтни кесиб, унинг ўрнига бошқа экишдан, шунча харажат қилишдан ким манфаатдор? Ҳурматли ўша ҳоким ўринбосари Бахтиёр Раҳмонов, сиз буни балки халққа тушунтириб берарсиз. Нега бунақа? Бу биринчи марта эмас сизнинг бундай қилишингиз”, деган Кушербаев 26 октябрдаги видеомурожаатида.

У оддий фуқаро экологик йўналишда ҳуқуқбузарлик қилса, жавобгарликка тортилаётганини, лекин асосий катта ҳуқуқбузарликлар, ҳокимларнинг, ўринбосарларнинг қилган қонунбузарликларига кўз юмилаётганини таъкидлади. Шундай ҳолат Қувасойда ҳам кузатилганини эслатиб ўтди. Ушбу туманда 270 туп дарахт ноқонуний кўчирилиши оқибатида табиатга 1,8 млрд сўм зарар етказилганди.

“Бориб ўрганиб, чора кўриш бўйича ҳамма материални прокуратурага беряпмиз, прокуратура чора кўрмаяпти. Қуриб қолмаган-ку, кўчирибди-ку, деб ёнини оляпти. Бугун прокуратуранинг айрим ходимлари ҳокимиятнинг адвокати.

Бугун экологиянинг душмани – ҳокимиятлар. Тошкент шаҳрида экологик вазиятнинг ёмонлашишига Тошкент шаҳар ҳокимияти айбдор. Улар кестиртиряпти. Улар расво қиляпти”, дейди Экология вазири маслаҳатчиси.

Шу билан бирга, ҳоким ўринбосари Президентнинг мораторий талабини бузиб, одамларда норозилик келтириб чиқарса-да, одамлар ҳокимиятдан эмас, Президентдан норози бўлишини қайд этиб ўтди ва Президентнинг мораторий талабини оёқости қилганларни кескин танқид қилди.

“Бутун Ўзбекистон халқи билсин. Президентимиз ҳам билсин буни, чунки у кишидан ҳам яширишяпти атрофидагилари. Балки шунда нимадир ўзгарар”, деди Расул Кушербаев ўз видеомурожаатида.

Шундан сўнг, бу борада Тошкент шаҳар ҳокимлиги муносабат билдирди. Унга кўра, Бобур кўчасида олиб борилаётган ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари доирасида 83 туп пирамидасимон гужум (эликс) ва 62 мингдан ортиқ манзарали бута кўчатларини экиш ишлари доирасида, аввал ўсиб турган ўсимликлар билан боғлиқ ишларни бажаришда эътиборсизликка йўл қўйилган.

Илгари бу ерда 145 тупга яқин арча бўлиб, мутахассисларнинг хулосасига кўра, уларнинг катта қисми касалликка чалиниб, аста-секин қуриб бораётганди. Дастлаб уларни эҳтиёткорлик билан кўчириб ўтказиш режалаштирилган бўлса-да, масъул шахслар белгиланган талабларга риоя қилмаган.

“Ушбу ҳолат юзасидан хизмат текшируви ўтказилиб, натижасига кўра тегишли чоралар кўрилади. Тошкент шаҳар ҳокимлиги барча ишлар қулай, хавфсиз ва экологик барқарор шаҳар муҳитини яратишга қаратилганини таъкидлаб,  асраб-авайлаш масаласига эътибор қаратганлари учун шаҳар аҳолисига ўз миннатдорчилигини билдиради”, дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сирдарёда балиқ овлаб табиатга 350 млн сўм зарар етказилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг