Эбола “қутурмоқда”: қурбонлар 4 мингдан ошди
Олам
−
17:12 955 2 дақиқа
Конгода Эбола вируси тарқалиши оқибатида 4018 киши вафот этди, тасдиқланган ҳолатлар сони эса 8300 тага етди. Бу ҳақда “Associated Press” мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига таяниб хабар берди.
Мамлакатда Эбола эпидемияси жорий йилнинг 15 май куни бошланган. Касалликнинг ушбу авж олиши кам учрайдиган Бундибугьё вируси сабаб юзага келган бўлиб, ҳозирча унинг маълум даволаш усули ёки вакцинаси мавжуд эмас.
Эпидемия маркази ҳисобланган Итури провинцияси пойтахти Буниада бир гуруҳ тиббиёт ходимлари ойлик маошлари кечиктирилаётганига норозилик билдирган. Улар ҳукуматдан қарзларни тўлашни талаб қилган. Намойишчилар орасида инфекцияга чалинган беморлар билан алоқада бўлган шахсларни аниқлаш билан шуғулланувчи кузатув гуруҳи ходимлари ҳам бўлган.
Намойишчилар “Пул бўлмаса, маълумот ҳам йўқ” ва “Бир неча ойдан бери тўлов йўқ” мазмунидаги ёзувларни кўтариб чиққан. Бироқ улар расмийлар томонидан тезда тарқатиб юборилган.
Маълум қилинишича, эпидемия бошланганидан буён тиббиёт ходимлари иш ҳақларини талаб қилиб бир неча бор иш ташлаган. Бу эса касаллик тарқалишининг олдини олиш бўйича ишларни янада қийинлаштирган.
Шунингдек, “Чегара билмас шифокорлар” ташкилотининг Конгода ишлаётган ходимларидан бири Эбола вирусини юқтиргани маълум қилинган. У махсус тиббий рейс орқали Нидерландияга олиб кетилган ва Лейден университети тиббиёт марказидаги юқори даражадаги изоляция бўлимига жойлаштирилган.
ЖССТ вируснинг янги ҳудудларга тез тарқалаётганидан хавотир билдирган. Африка Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш маркази маълумотларига кўра, янги аниқланаётган ҳолатлар сони камайган, бироқ бунга айрим ҳудудлардаги хавфсизлик муаммолари ва аҳолининг тиббиёт ходимлари билан ҳамкорлик қилишдаги қийинчиликлар сабаб бўлиши мумкин.
Қайд этилишича, вирусни юқтирган тиббиёт ходимларининг камида 50 нафари вафот этган.
Аҳолининг тиббиёт ходимлари ва ҳукуматга нисбатан ишончсизлиги ҳам эпидемияни жиловлашга тўсқинлик қилмоқда. Расмийлар ўтган ой касалликка қарши курашда қишлоқларга йўналтирилган янги ёндашувни жорий қилган, бироқ айрим аҳоли вакиллари Эболани уйдирма деб ҳисоблаб, кўрсатилаётган чораларига қаршилик қилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Конго Демократик Республикасида ҳукмрон партиянинг юқори лавозимли вакили Эбола эпидемияси ҳақида радио орқали чиқиш қилганидан кейин калтаклаб, ўлдирилгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси