Эбола “қутурмоқда”: 2,5 мингдан ортиқ одам қурбон бўлди
Олам
−
12:02 547 2 дақиқа
Конгода Эбола эпидемияси назоратдан чиқиб бормоқда, вирус аллақачон 2 500 дан ортиқ инсоннинг ҳаётига зомин бўлди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
БМТнинг Конгодаги Эбола бўйича катта координатори Жюльен Харнеиснинг айтишича, вирус мамлакат шимоли-шарқида Франция ҳудудидан ҳам катта ҳудудга ёйилган.
“Эбола эпидемияси жуда тез суръатларда кенгайиб бормоқда”, дея таъкидлади Харнеис.
Унинг сўзларига кўра, эпидемияга қарши кураш учун ажратилган маблағлар бир неча ҳафта ичида тугаши мумкин. Бу эса вазиятни янада оғирлаштириши кутилмоқда.
Эпидемияга қарши курашаётган тиббиёт ходимларининг ўзи ҳам вирус қурбонига айланмоқда.
Ҳозиргача 160 нафар тиббиёт ходими Эбола билан касалланган, улардан 43 нафари вафот этган.
Бундан ташқари, сўнгги олти ой давомида тиббиёт ходимларига қарши 260 дан ортиқ ҳужум қайд этилган. Саккиз нафар тиббиёт ходими ҳужумлар оқибатида ҳалок бўлган.
Айрим ҳудудларда маҳаллий аҳоли тез ёрдам машиналарига тош отган, автомобиллар ёқилган, тиббиёт муассасаларига ҳужум қилинган.
БМТ вакили буни аҳолининг қўрқуви ва тарқалган турли фитна назариялари билан изоҳлаган. Айрим фуқаролар эпидемияни “уйдирма” деб ҳисобламоқда. Шунингдек, Эбола сабабли марҳумларни дафн қилиш бўйича жорий этилган чекловлар ҳам аҳолининг норозилигига сабаб бўлмоқда.
Бу Конгода қайд этилган 17-Эбола эпидемияси бўлиб, июль ойининг охирида касалланишлар сони бўйича мамлакат тарихидаги энг йирик эпидемияга айланган.
Эпидемияга Эбола вирусининг Бундибугё тури сабаб бўлмоқда. Ҳозирча ушбу вирус турига қарши тасдиқланган вакцина ёки махсус даволаш воситаси мавжуд эмас.
БМТ вакили Конгода уч ўн йиллик қуролли можаролар ортидан аллақачон оғир гуманитар вазият юзага келганини қайд этди.
Ташкилотлар эса эпидемияга қарши курашни давом эттириш учун зудлик билан қўшимча маблағ ва ёрдам зарурлигини билдирмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Конго Демократик Республикасида Эбола эпидемияси тобора кучаяётгани, мамлакатда вирус билан касалланганлар сони 5021 нафарга етгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси