Эҳтиёжманд оилаларга 1 млн сўмдан пул берилиши мумкин
Жамият
−
20:37 1275 3 дақиқа
Жорий йилнинг ноябрь ойида эҳтиёжманд оилаларга 1 млн сўмдан бир марталик моддий ёрдам ажратилиши мумкин. Бу ҳақда бугун, 13 октябрь куни жамоатчилик муҳокамасига қўйилган “Ёқилғи-энергетика соҳасида бозор тамойилларига ўтиш жараёнида аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент фармони лойиҳасида сўз боради.
Унга кўра, жорий йил ноябрь ойида эҳтиёжманд оилаларга бир марталик 1 млн сўмдан моддий ёрдам ажратилади. Ёрдам Ижтимоий реестрдаги оилалар билан чекланмайди. Реестрга кирмаган, лекин “маҳалла еттилиги” хулосаси асосида жон бошига даромади минимал истеъмол харажатларининг (МИХ) 2 бараваридан ошмайдиган оилалар ҳам қамраб олинади.
Шунингдек, марказлашган иситиш тизимига уланган кўп қаватли уйларда яшовчи оилалар учун бу мезон вилоятларда МИХнинг 2 баравари, Тошкент шаҳрида эса 3 баравари этиб белгиланмоқда. Ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар реестридаги фуқаролар, етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум болалар яшаётган оилалар ҳам ёрдам олади. Маблағ 2026 йил 30 ноябрга қадар ижтимоий карта ёки банк карталарига ўтказилади.
Бундан ташқари, электр энергияси ва табиий газ бўйича компенсация олиш учун даромад мезони МИХнинг 1,5 бараваридан 2 бараваригача, кўмир учун ёрдам ва “Саҳоват ва кўмак” жамғармаси орқали бериладиган ёрдам мезони эса 1 бараваридан 2 бараваригача оширилади. Электр ва табиий газ бўйича компенсация муддати 2028 йил 1 апрелгача, кўмир учун ёрдам муддати 2029 йил 1 январгача узайтирилади.
Ислоҳотларнинг яна бир йўналиши энергия харажатларининг ўзини камайтиришга қаратилган. “Оғир” тоифадаги маҳаллаларда давлат таъминотидаги 3 мингта оила хонадонининг девор ва томларини изоляция қилиш, энергия тежамкор дераза ва эшиклар, қуёш панеллари ёки гелиоколлекторлар ўрнатиш ишларини давом эттириш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритилади.
Шунингдек, газлаштирилмаган ва табиий газ етиб бориши қийин ҳудудларда иситиш мавсумида электр энергиясининг базавий меъёри 200 кВт·соатдан 350 кВт·соатгача оширилади. Қарор 2026 йил 1 ноябрдан кучга киради.
Вазирлар Маҳкамасининг бошқа бир қарор лойиҳасига кўра, 2026 йил 1 ноябрдан аҳолига кўрсатиладиган марказлашган иситиш ва иссиқ сув хизматлари учун янги тарифлар жорий этилиши кутилмоқда. Иситиш хизматлари тарифларини 2030 йилгача босқичма-босқич таннарх даражасига етказиш кўзда тутилган.
Вазирлар Маҳкамасининг яна бир қарор лойиҳасида аҳоли учун суюлтирилган газнинг чакана нархини 1 кг учун 5 минг сўм этиб белгилаш таклиф этилмоқда. Бироқ бу ҳам бозор нархи эмас: биржа нархи билан аҳолига белгиланган нарх ўртасидаги фарқ ва етказиб бериш харажатлари бюджетдан субсидия сифатида қопланади. Эҳтиёжманд оилаларга эса 2030 йил 1 январга қадар ҳар бир килограмм суюлтирилган газ учун 3 минг сўмдан, ойига 20 кг гача компенсация тўланади.
Live
БарчасиЖиззахда 10 ёшли қиз зўрланди
06 Октябрь
Сергелидаги масжидга ўт кетди
03 Октябрь