Дўст Тожикистон билан яхши алоқа ўрнатамиз — “Толибон” чегара ва дипломатлар хавфсизлигини ваъда қилди

Олам

image
0:00
0:00
download

“Толибон” Тожикистон билан чегаранинг 70 фоизини назорат қилмоқда ҳамда хавфсизлик кафолатини беради, назорат қилинадиган ҳудудлар фоизини кўпайтириши мумкин. Бу ҳақда “Толибон” ҳаракати вакили Забиулла Мужоҳид айтиб ўтди.

“Биз буни тасдиқлаймиз (Тожикистон билан чегаранинг бир қисми устидан назорат — таҳр.). Тожикистон билан чегаранинг 70 фоиздан ортиғини ҳам эгаллаб олганмиз. Дўст давлатимиз — Тожикистон билан яхши алоқалар ўрнатамиз. Чегаралар хавфсиз бўлади ва ҳеч қандай аралашув бўлмайди”, дейди Мужоҳид.

Унинг сўзларига кўра, толиблар назорати остидаги ҳудудларнинг улуши ҳали кўпайиши мумкин.

“Кеча Бадахшон вилоятидаги катта ҳудуд ва чегарада Кобул ҳукумати ҳарбийлари қочиб кетди ва натижада ҳудуд бизнинг назоратимизга ўтди. Улар ушбу ҳудудларни ўз назоратига ололмайди. Бизнинг ихтиёримизда бўлган барча ҳудудларда доимий кучларимиз бор. Аввалига улар қаршилик қила олмади, буёғига ҳам ҳеч нарса қила олмайдилар. Диалог йўлидан борганингиз маъқул, қолган муаммолар эса музокараларда ҳал қилинади”, дейди у.

Шу билан бирга, у толиблар Мозори Шарифдаги хорижий дипломатлар хавфсизлигини кафолатлашини ҳам таъкидлаган.

“Диалог йўлидан борганингиз ва қолган муаммоларни музокараларда ҳал қилганингиз маъқул” дея Афғонистон ҳукуматига мурожаат қилди у.

Фаоллашган "Толибон"

Жорий йилнинг 1 май куни АҚШ ўз қўшинларини Афғонистондан олиб чиқишни бошлагандан бери “Толибон” кескин ҳаракат қилмоқда. Америка ва НАТО кучларини Афғонистондан кетишни бошлаганидан бери 50 дан ортиқ туманни ўз назорати остига олган.

Натижада Таҳор вилоятининг Чаҳеб, Янги Калъа, Даркад, Дашти Қалъа, Хожағор туманлари, Қундуз вилоятининг Дашти Арчи, Имом Соҳиб ва Қалъаи Зол туманлари, шунингдек Шерхон-Бандар ва Кокул назорат пунктлари “Толибон” назорати остига ўтди. 

Сўнгги кунларда толиблар билан жангларда оғир зарбага учраган афғон қўшинларининг қўшни республикалар ҳудудига қочиб ўтиш ҳолатлари кузатилди. Жумладан, жорий йилнинг 22 июнь куни 130 дан ортиқ афғон ҳарбийлари чегарадош Тожикистонга, 23 июнь куни эса уларнинг 53 нафари Ўзбекистонга қочиб ўтган.

Кеча, 5 июль куни ҳам 1000 дан ортиқ Афғонистон ҳарбийлари “Толибон” жангариларининг ҳужуми сабаб қўшни Тожикистонга қочиб ўтди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

248

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг