Душанбеда Мустақиллик кунидаги мушакбозлик ортидан ёнғин чиқди (видео)
Олам
−
10 Сентябрь
5831Тожикистон пойтахти Душанбеда кеча, 9 сентябрь оқшомида мамлакат мустақиллиги муносабати билан уюштирилган мушакбозлик сабаб шаҳардаги Истиқлол майдонида ёнғин содир бўлди. Бу ҳақда маҳаллий “Asia-plus” нашри хабар берди.
Пойтахт Ёнғин хавфсизлик хизмати ушбу воқеани тасдиқлади. Унга кўра, ёнғин соат 20:31 да содир бўлган.
“Ёнғинга ўримдан кейин қолган қуруқ ўт устига тушган пиротехника учқунлари сабаб бўлган”, дейилади хабарда.
Нашрга кўра, ёнғин майдони 20 квадрат метрни ташкил этган. Воқеа жойига зудлик билан иккита ўт ўчириш машинаси етиб келган ва 15 дақиқа ичида ёнғин ўчирилган. Ҳодиса оқибатида ҳеч ким жабрланмаган.
Маълумот учун, 9 сентябрь Тожикистоннинг Мустақиллик куни ҳисобланади. Жорий йил мамлакат ўз мустақиллигининг 33 йиллигини нишонламоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон мустақилликнинг 33 йиллиги муносабати билан йўллаган табригида мамлакатдаги ва хориждаги ватандошларини дунёда оғирлашиб бораётган вазият, янги совуқ уруш, тез қуролланиш, шунингдек, терроризм ва экстремизм туфайли огоҳ бўлишга ва ўз ватанини ҳимоя қилишга тайёр бўлишга чақирганди.