Душанбе чегарасидаги кескинликда Қирғизистонни айблади

Олам

image

Қирғизистон келишувлардан четга чиқиб, қўшинлари ва оғир ҳарбий техникаларини ўзаро тўқнашув чизиғидан олиб чиқиб кетишда ёлғон кўриниш ҳосил қилмоқда ва уларни чегарадаги аҳоли пунктларига яширмоқда. Бу ҳақда Тожикистон Ташқи ишлар вазири Сирожиддин Муҳриддин БМТ Бош Ассамблеяси 77- сессиясида гапириб ўтди.

Унинг сўзларига кўра, Душанбе  тожик-қирғиз давлат чегарасини белгилаш масалалари БМТ Бош Ассамблеяси муҳокамасига асоссиз равишда киритилганидан афсусда.

“Қирғизистон эришилган келишувлардан четга чиқиб, қўшинлари ва оғир ҳарбий техникаларини ўзаро тўқнашув чизиғидан олиб чиқиб кетишда ёлғон кўриниш ҳосил қилмоқда ва уларни чегарадаги аҳоли пунктларига яширмоқда. Шундай экан, тожик-қирғиз чегарасида юзага келадиган ҳар қандай кейинги кескинлик учун жавобгарлик тўлиқ Қирғизистон зиммасига тушади”, дейди ТИВ раҳбари.

Ўз нутқида у фуқароларнинг ўлими ва моддий зарарни тилга олиб, чегарадаги фожиа фақат уларга тегишли деган нотўғри тасаввур уйғонганлигини айтиб ўтган.

“Қирғизистоннинг ҳарбий тажовузи оқибатида Тожикистоннинг қирқдан ортиқ тинч аҳолиси ҳалок бўлди, икки юзга яқини яраланди. Улар орасида ҳомиладор аёллар, болалар, кексалар, шифокорлар, шунингдек, диндор мусулмонлар бор”, дейди у.

Шунингдек, вазир чегара ҳудудида юз берган фожиа тасодифий эмаслигини, Қирғизистон тўқнашувга ўтган йилнинг кузидан буён тайёргарлик кўрганини қўшимча қилиб ўтган.

“Афсуски, Қирғизистон ўзининг бирёқлама, нохолис ёндашувига таянган ҳолда ўтган асрнинг 50-йилларидан бошлаб Тожикистонга ҳақли равишда тегишли бўлган 2110 квадрат километрдан ортиқ майдонни ўзбошимчалик билан тортиб олди”, дейди Муҳриддин.

Нутқи сўнгида, у Тожикистон томони музокараларни давом эттиришга тайёрлигини ва тожик-қирғиз халқлари тинчлик, дўстлик ва ҳамжиҳатлик муҳитида биргаликда яшаш ва қуриш ҳуқуқига эга эканлигини айтган.

Эслатиб ўтамиз, Қирғизистон Президенти Садир Жапаров 20 сентябрь куни Нью-Йоркда ўз ишини бошлаган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 77-сессиясидаги нутқида Қирғизистон-Тожикистон чегарасида содир бўлган қуролли тўқнашувларни қирғиз томони бошламаганлигини, аксинча, Бишкек доим қурол ишлатишдан қочишга ҳаракат қилиб, қуролсиз, тинч аҳолига ҳеч қачон ўқ узмаганлигини айтиб ўтган. Шунингдек, у Имомали Раҳмон бошчилигидаги Тожикистон Қуролли кучлари Қирғизистон билан бир неча форматдаги халқаро келишувларга қарамай, Қирғизистон суверенитетига дахл қилаётганини айтган. 

Қирғизистон ва Тожикистон чегарасида можаро

Қирғизистон ва Тожикистон ўртасидаги чегарадаги вазият 14 сентябрь куни Боткен вилоятидаги учта участкада чегарачилар ўртасида отишма бошланганидан кейин кескинлашди. Томонлар бир неча бор ўт очишни тўхтатиш бўйича келишиб олганига қарамай, келишувлар ҳар сафар муваффақиятсизликка учради.

Қирғизистон расмийлари Тожикистонни чегарага оғир ҳарбий техникани тортиб келишда ва Қирғизистон ҳудудини ўққа тутишда “барча мавжуд арсеналдан” фойдаланганликда айблади. Мамлакат Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тўқнашув зонасидан 136 минг киши эвакуация қилингани, Боткен вилоятида фавқулодда ҳолат режими жорий этилганини ҳақида маълум қилди. 

Айни пайтда Тожикистон қирғиз кучларини Тожикистон чегарасидаги қатор аҳоли пунктларини “оғир қуроллардан” ўққа тутишда айблади. Ҳозирда икки давлат ўт очишни тўхтатиш ва қўшинларни чегара ҳудудидан олиб чиқиш бўйича келишувларга амал қилмоқда. Тўқнашувларни якунлаш учун Қирғизистон ва Тожикистон махсус хизматлари раҳбарлари протокол имзолади. Ҳужжат учта бандни ўз ичига олган.

Икки давлат чегарасида 70 га яқин баҳсли участкада белги қўйилмагани сабабли мунтазам равишда можаролар чиқиб туради. Умуман олганда, 2022 йил июль ойи ҳолатига кўра, мамлакат чегараларининг 972 километридан 600 километрга яқини келишилган.

Фарангиз Салимова


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Баҳолаганлар

44

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг