Дуров ва Мильнер каби миллардерлар “россиялик” номидан тонмоқда – “Forbes”
Олам
−
16 Апрель 2022 16011 3 дақиқа
Россия Федерацияси билан алоқадор бир қатор тадбиркорлар “Forbes” журнали ноширларидан уларни “россия ишбилармонлари” деб атамасликни сўраган. Улар орасида ВКонтакте ва Telegram асосчиси Павел Дуров ҳам бор. Бу ҳақда нашрнинг ўзи маълум қилди.
“Павел кўп йиллар олдин Россияни тарк этган ва қайтиб келмайди”, деган Дуровнинг вакили “Forbes”га.
Павел Дуров Санкт-Петербургда туғилган ва сўнгги йилларда Дубайда яшайди. 2021 йилда у Франция фуқаролигини олди, шунингдек, Сент-Китс ва Невис паспортига (Кариб денгизининг шарқий қисмидаги орол давлати) эга.
Россия билан боғланишни истамайдиган бошқа ишбилармонлар орасида:
• Ака -ука Игор ва Дмитрий Бухманлар ҳам бор. Улар 2004 йилда Вологдада мобил ўйинлар ишлаб чиқарувчи “Playrix” компаниясига асос солган ва 2013 йилда бизнесини Ирландияга кўчирган. 2016 йилда ака-ука Исроилга кетган, ҳозир эса Лондонда яшайди.
• “Revolut ” асосчиларидан бири Ник Сторонски Россияда туғилиб ўсган, 20 ёшида бошқа давлатга кетган. Унинг вакили тадбиркор Британия фуқароси эканлигини айтган.
• Евгений Швидлер — Роман Абрамовичнинг шериги ва “Millhouse” инвестиция компанияси раҳбари. Бизнесменнинг номи ошкор этилмаган “ҳамроҳи” “Forbes”га жаноб Швидлер Россия Федерацияси фуқароси эмас ва ҳеч қачон бўлмаганлигини айтган. Тадбиркор Уфада туғилган, аммо ҳеч қачон Россия паспортига эга бўлмаган. 1994 йилда АҚШ фуқароси, 2010 йилда Британия фуқаролигини олган.
• Инвестор Леонард Блаватник. Асли Украина ССРда туғилган, 1978 йил 21 ёшида АҚШга кетган. “Forbes”нинг таъкидлашича, тадбиркор Виктор Вексельберг билан ҳамкорликда бойиб кетган. Журналга кўра, Блаватник “Warner Music”, “LyondellBasell” нефть-кимё компанияси ва “Tory Burch” ёрлиғига сармоя киритган ҳамда Стэнфорд, Гарвард ва Оксфорд университетларига катта миқдорда хайрия қилган. Унинг матбуот котиби айтишича, тадбиркор рус эмас ва ҳеч қачон олигарх бўлмаган. У АҚШ ва Буюк Британия фуқаролигига эга.
• Юрий Мильнер — “Forbes” томонидан "Россиядаги энг кучли технология инвестори" деб таърифланган. Москвада туғилган. Унинг веб-сайтида у 1999 йилдан бери Исроил фуқароси эканлиги айтилган. 2014 йилдан бери Калифорнияда яшайди. Шундан кейин у Россияда бўлмаган ва мамлакатда ҳеч қандай мол-мулки йўқ.
Маълумот учун, кўплаб россиялик ишбилармонлар Россиянинг Украинадаги ҳарбий амалиёти туфайли Европа Иттифоқи давлатлари ва АҚШнинг санкциялари остида қолди. Санкциялар доирасида тадбиркорларнинг барча активлари музлатилади. Альфа-банкнинг қора рўйхатига киритилган асосчиси Михаил Фридман ҳатто фаррошга ҳам пули йўқлигидан шикоят қилди. Кремль россиялик тадбиркорларга қарши барча чекловларни бандитизм деб атади.
Live
Барчаси