Дуров Франциянинг етакчи нашрини бирёқламаликда айблади
Олам
−
17 Июнь 1713 2 дақиқа
Telegram мессенжери асосчиси Павел Дуров Франциянинг етакчи нашри – “Le Monde” газетасини ўз платформасига нисбатан бирёқлама сиёсат юритишда айблади. Бу ҳақда у ўзининг Telegram-каналида ёзди.
Қайд этилишича, Дуров Парижда ҳибсга олинганидан сўнг 7 ҳафта мобайнида газетада Telegram ҳақида 40 та салбий материал чоп этилган.
“Журналистика этикаси талабларига зид равишда, бу мақолаларнинг 37 тасида биздан изоҳ сўрашмади ва юборган фактларга асосланган тузатишларимизни ҳамиша эътиборсиз қолдиришди”, дея изоҳ қолдирган Павел Дуров.
Шу билан бирга, у француз оммавий ахборот воситалари Telegram'га нисбатан қизиқишини йўқотмаганини қайд этган. Яқинда “Le Monde” ўз ўқувчиларига мессенжер орқали ноқонуний футбол трансляцияларини томоша қилишлари ҳақида сўровнома йўллаган. Дуров бу ҳаракатни Telegram'га қарши навбатдаги салбий мақола тайёрлаш учун маълумот тўплаш деб баҳолаган.
Дуровнинг таъкидлашича, бундай ахборот муҳити хавотирли. Шу сабабли Telegram каби платформалар жуда муҳимлиги, одамларнинг барча нуқтаи назарлар билан танишиб, мустақил хулоса чиқариш имкониятини таъминлай олишини қўшимча қилган.
“Биз одамлар ақлли, филтрланмаган ҳақиқатни кўришга лойиқ, деб ҳисоблаймиз”, деган Дуров.
Маълумот учун, Павел Дуров 2024 йил августда Парижда ҳибсга олинган эди. Унга контентни етарли даражада модерация қилмаганлик ва расмий идоралар билан ҳамкорликдан бўйин товлаш айблари қўйилган. Кейинроқ у 5 миллион евро гаров пули эвазига озод этилган, лекин Франциядан чиқиши тақиқланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Павел Дуров расмий Парижни Руминиядаги сайловларга таъсир ўтказишга уринишда айблаганди. Унинг сўзларига кўра, жорий йил баҳорда Париж шаҳрида жойлашган Hôtel de Crillon'даги Salon des Batailles'да француз разведкаси раҳбари Николас Лернер Дуровдан сайловлар олдидан Руминияда консерватив овозларни тақиқлашни сўраган. У эса бу талабни рад этган.
Жалолиддин Раҳмонов
Live
Барчаси