Дунёнинг энг кучсиз еттинчи валютаси – сўмнинг қадрсизланишига нима сабаб бўлди?

Таҳлил

image

Ўзбекистон миллий валютаси – сўм курси кундан-кунга тушиб, долларга нисбатан қиймати пасайиб бормоқда. Бир неча кун аввал тижорат банкларидаги сотув курси 1 доллар учун 12 610 сўмни ташкил қилди. Бир йил ичида сўм 9,7 фоизга қадрсизланди. Йил бошидан бери эса доллар 232 сўмга қимматлади.

Сўм илк бор муомалага чиқарилган вақтда, 1994 йил 1 июль куни унинг қиймати 1 долларга нисбатан 7 сўмни ташкил этганди. Ўша вақтда умумий инфляция кўрсаткичи 1280 фоиздан  юқори бўлган. Бу янги валюта – сўмга ўз таъсирини кўрсатди ва 2 июль куни биржада 1 доллар 12 сўмга баҳоланди. Шундай қилиб, сўм бир кун ичида 71 фоизга қадрсизланди. Кейинчалик сўмнинг курси қуйидаги кўринишда тушиб борди.

Нега валюта қадрсизланади?

Валютанинг бошқа валюталарга нисбатан қиймати тушиб кетиши девальвация дейилади. Девальвация тушунчаси кўпинча инфляция билан адаштирилади. Иккала атама ҳам миллий валютанинг қадрсизланишини билдиради. Аммо инфляция харид қобилиятининг камайишини, яъни товарга нисбатан пулларнинг кўпайиб кетишини англатади, бунда сиз бир хил миқдордаги пулга камроқ нарса сотиб оласиз. Девальвация – эса курснинг тушиши.

Баъзи ҳолатларда миллий валюта Марказий банк томонидан бир нечта мақсадларга эришиш учун миллий валютанинг атайлаб қадрсизлантирилади. Шунга кўра девальвация 2 хил бўлади.

Назорат остидаги девальвация сабаблари қуйидагилар:

  • экспортчиларни қўллаб-қувватлаш ва импортни автоматик равишда камайтириш;
  • мамлакатнинг миллий валютадаги қарзларини камайтириш;
  • савдо тақчиллигини камайтириш учун.

Ўзбекистонда 2017 йилгача сўм курси атайин девальвация қилинган. Конвертация (валюта айирбошлаш) ёпиқлиги боис банклардаги расмий доллар курси пастроқ, қора бозордаги доллар курси эса баландроқ эди. 2017 йилда конвертация расман очилиши билан валюталар курси талаб ва таклифдан келиб чиқиб, сузувчи курс билан белгиланадиган бўлди. Ўша кундан бошлаб сўм қадри рекорд даражада тушиб кетди.

Назоратдан ташқаридаги девальвация сабаблари қуйидагича:

  •  юқори инфляция;
  • импортнинг экспортдан устунлиги ва бюджет тақчиллиги;
  • ташқи қарзларни ёпиш ва хорижий валютага бўлган ички талабни қондириш учун мамлакатда етарлича ички захиралар мавжуд эмаслиги;
  • мамлакатдаги беқарорлик ҳолатида капиталнинг чиқиб кетиши;
  • мамлакатга халқаро санкциялар қўлланилиши.

Юқоридаги сабаблардан келиб чиққан ҳолда сўмнинг қадрсизланишига олиб келган омилларни кўриб чиқамиз:

1.  Инфляция. Ўзбекистон мустақилликка эришгандан буён кучли инфляция билан курашиб келмоқда. 1991 йилда 90.7 фоиз, 1992 йилда 712 фоиз, 1993 йилда 1078 фоизлик инфляция кузатилган (Мақсадли инфляция кўрсаткичи 5 фоиз). Яъни пул бор, лекин бозорда товар йўқ. Ҳатто, тақчиллик туфайли ҳукумат зарурий озиқ-овқат маҳсулотларини сотишда чеклов ўрнатишга мажбур бўлган. Мустақилликнинг дастлабки йилларида Ўзбекистонда совет рубли пул бирлиги сифатида муомалада қолганди. 1992 йилнинг январидан истеъмол бозорини ҳимоялаш мақсадида бир марталик купонлар босиб чиқарилган. 1994 йилда Ўзбекистон ҳукумати Халқаро валюта жамғармасининг қаршилигига қарамай, Марказий банкнинг кредити орқали валюта чоп этишни бошлаган. Ўшанда, сўм илк бор босиб чиқарилган вақтда Ўзбекистондаги инфляция кўрсаткичи 1280 фоиздан ошиб кетган эди. Бу эса сўмнинг қисқа вақт ичида қадрсизланишига олиб келди.

Халқаро озиқ-овқат сиёсати илмий-тадқиқот институти катта илмий ходими Комилжон Акрамов иқтисодчи Беҳзод Ҳошимовга берган интервьюсида ҳукуматнинг бу қарори катта хато бўлганини айтади:

“Пул Халқаро валюта жамғармасининг тавсияларини эшитмасдан чоп этилган — энг ёмон ечим танланган. Иқтисодиётга катта миқдорда (товар билан) таъминланмаган пул массаси кириб келган. У пул айланиб-айланиб, йўлини топиб, валюта бозорига кирган. Бир томондан валюта тушумлари пасайиб кетган — олтин ва пахта нархи тушиб кетганди. Иккинчи томондан, валюта бозорига катта миқдорда сўм кириб келган. Яъни икки томонлама шок кузатилган. Охири конвертацияни ёпишга мажбур бўлишган. Курснинг кескин тушишига қўйиб бериш яна бир бошқача ечим бўларди. Менимча, шу тўғрироқ, лекин қийин ечим бўларди”, — дейди Комилжон Акрамов.

2024 йил инфляцион кўрсаткич пасайиши билан бошланди. Ҳозирда умумий инфляция 8,3 фоизни ташкил этмоқда. 2023 йилда 8,7 фоиз бўлган эди.

2.  Экспортнинг импортдан юқорилиги. Ўзбекистон ташқи савдо салдоси йилдан-йилга минусга кириб бормоқда. 2018 йилда экспорт импортдан 5,2 миллиард долларга кўп бўлган бўлса, 2023 йилга келиб, ташқи савдо салдоси қарийб минус 14 миллиард долларни (экспорт 24,4 млрд доллар, импорт 38,1 млрд доллар) ташкил этди. Агар импорт камайса, валютага бўлган талаб ҳам камайиб, валюта курсининг тушишига ва сўмнинг қадри ошишига олиб келади. Лекин, бу ерда бошқа муҳимроқ масала ҳам бор: импортнинг чекланиши бозорда танловнинг чекланишига сабаб бўлади. Бундан ташқари, экспорт қилинаётган маҳсулотларнинг рақобатбардошлиги пасаяди, бу эса ўз-ўзидан мамлакат экспорт ҳажмининг тушишини таъминлайди.

Кечаги йиғилишда ҳам Президент Шавкат Мирзиёев экспорт муҳимлигини таъкидлади:

“Бир ҳақиқатни аниқ тушуниб олиш зарур. Инфляцияни жиловлаш ва валюта барқарорлигини таъминлаш экспорт билан чамбарчас боғлиқ. Қанчалик кўп маҳсулот ишлаб чиқармайлик, экспорт учун керакли шарт-шароитни яратмасак, ўзгариш бўлмайди”, дейди Мирзиёев.
 

3. Давлат бюджети тақчиллиги. Давлат харажатларининг даромадидан кўпайиб кетиши юқори инфляция даражаси ҳамда юқори ташқи қарз инқирози каби жиддий муаммоларни келтириб чиқариши мумкин. 2023 йилнинг январь-август ойларидаги ҳолатга кўра, Ўзбекистоннинг бюджет камомади режадагидан ошиб кетиб, 39 триллион сўмни ташкил қилган. Аслида 2023 йилда бюджетда профицит бўлиши кутилган эди, лекин ҳукумат ҳеч қачон тақчиллик чегарасини ушлаб тура олмаган. Давлат қарзи эса қарийб 35 миллиард долларга етди. Ўтган йилги бюджет дефицити ташқи қарзлар ҳисобига ёпилди. Гарчи, инфляция 2024 йилнинг февралидан 8,3 фоизлик кўрсаткичга тушган бўлса-да, бюджет тақчиллиги, ташқи қарзлар, ташқи савдо салдосидаги минуслар сўм курсига босим ўтказмоқда.

 

4.  Марказий банк. Марказий банк давлат ва тижорат банкларини назорат қилиш ваколатига эга бўлиб, пул муомаласини тартибга солишда ва бюджетни бошқаришда ҳукуматга ёрдам берадиган орган ҳисобланади. Иқтисод фанлари доктори, профессор Тўлқин Бобоқуловнинг сўзларига кўра, Ўзбекистон узоқ йиллар давомида бюджет дефицитини (тақчиллик) амалда мустақил бўлмаган Марказий банкдан олинган кредит ҳисобига ёпган. Бу эса муомалага ортиқча, товар билан таъминланмаган пул чиқишига олиб келган. Натижада валюта қадрсизланган. Бундан ташқари, Ўзбекистон Марказий банки берилган кредитларнинг қайтишини таъминлай олмаган, банкдан ташқари пул айланмалари, яширин иқтисодиётга чек қўйилмаган.

5. Конвертациянинг қайта очилиши. Ўзбекистон ҳукумати 1996 йилда сўм қиймати тушиб кетишининг олдини олиш мақсадида конвертацияни ёпиб қўйди. Бу эса мамлакат иқтисодиётига жуда ёмон таъсир кўрсатди.

“2017 йилгача тадбиркорлар жорий ҳисоб рақамида пул бўлишига қарамай, биржада доллар сотиб ололмасди. Улар хориждан инвестиция ҳам, асбоб-ускуналар ҳам олиб келолмай қийналди. Бу орқали тадбиркорлар ички бозорни товар билан тўлдириш имкониятидан маҳрум қилинди. Конвертация муаммоси бўлмаганда Ўзбекистоннинг ички бозори товар билан тўлар эди, ҳам экспорт ҳажми ошар эди”, деган эди Бобоқулов.

 

2017 йилнинг 5 сентябрь куни Ўзбекистонда расман конвертация очилиши билан доллар курси бирданига 3889 сўм 65 тийинга ошиб, 8100 сўмга етди. Мутахассислар конвертация очилганда миллий валюта курсининг тушиб кетишига табиий ҳол сифатида қарашади. Иқтисодчи Валижон Тўрақулов ҳозирги кунда доллар курсининг кўтарилиб бораётганини ҳам айнан 2017 йилги конвертация ислоҳоти билан боғлайди:

“2017 йилгача эркин конвертация имконияти бўлмаган. Конвертация очилиши билан долларга талаб кескин ошиб кетди. Буни “бозорнинг очлиги” деб ифодаласак бўлади. Талаб ва таклиф қонуни асосида доллар нархи кўтариляпти. Долларга талаб юқори, аммо доллар кам. Ҳозир эса бозор тўйиниш арафасида. Умид қиламизки, маълум бир вақтдан кейин, одамлар хориждан олиб келаётган инвестиция, техника, хомашё ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатишга, шу орқали экспортга йўналтирилади. Бунда савдо балансимиз ўз ҳолатига қайтади ҳамда доллар курси бироз пасайиб, сўм ўз қадрини тиклаб олади”, дейди иқтисодчи.

Валюта курсини жиловлаш учун ҳаракатлар

2018 йилнинг биринчи ярим йиллигида доллар курси кетма-кет пастлаган эди. Июнь ойида бир доллар 7883.99 сўмни ташкил этган (2017 йил 5 сентябрда 8100 сўм эди). Марказий Банк доллар курсининг пасайишига улар томонидан амалга оширилаётган валюта биржасидаги янги интервенция стратегияси таъсир қилаётганини, шу туфайли сўмнинг қадри жуда фаол ўсаётганини айтган эди.

Ўтган йилнинг ноябрь ойида Ўзбекистон Марказий банки валюта айирбошлаш қоидаларига ўзгартириш киритишга оид қарор лойиҳасини эълон қилди. Бунга кенг жамоатчилик вакиллари ва иқтисодчилар норозилик билдиргач, қарор бекор қилинди. Гарчи Марказий банк раиси Нурмуродов “валюта операцияларини чеклаш эмас, амалдаги нормаларни аниқлаштириш ва операцияларни амалга ошириш жараёнини соддалаштириш” кўзланганини таъкидласа-да, баъзи иқтисодчилар бу қарорнинг сўм курсини ушлаб туришга боғлиқ эканини айтди.

Халқаро валюталар индекси

2023 йилги маълумотларга кўра, сўм дунёдаги энг қадрсиз еттинчи валюта ҳисобланади. Фақатгина Эрон, Ливан, Сомали, Вьетнам, Лаос ва Индонезия давлатлари Ўзбекистонга нисбатан кучсиз пул бирликларига эга. Ҳатто, Африканинг бир неча йиллардан буён гиперинфляцияни бошдан кечираётган мамлакати Зимбабве валютасининг ҳам доллар олдидаги қиймати сўмга қараганда юқорироқ: 1 АҚШ доллари 322 Зимбабве долларига тенг.

Маълумотлардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, Ўзбекистон нафақат Марказий Осиё давлатлари ичида, балки МДҲ мамлакатлари орасида ҳам энг қадрсиз пул бирлигига эга. Ҳозирги кунда қўшниларимиз валютасининг долларга нисбатан қиймати қуйидагича:

1 доллар = 450  тенге (Қозоғистон);

1 доллар = 89,5 сом (Қирғизистон);

1 доллар = 3,5 манат (Туркманистон);

1 доллар = 11,01 сомоний (Тожикистон);

1 доллар = 71,57 афғоний (Афғонистон).

Юқоридаги каби иқтисодий муаммоларни бошдан кечираётган мамлакатлар ҳам талайгина. Масалан, Туркия бир неча йиллардан буён юқори инфляция ва девальвацияга қарши курашиб келмоқда. Январь ойида лиранинг АҚШ долларига нисбатан қиймати рекорд даражада пасайди. Ҳозирда 1 доллар 32 лирага тенг бўлиб турибди. Ҳисоб-китобларга кўра, 2023 йил давомида лира курси АҚШ долларига нисбатан қарийб 37 фоизга тушиб кетган. 85 миллиондан ортиқ аҳоли яшайдиган мамлакатда инфляция 2024 йилнинг февраль ойида 67 фоизни ташкил этди. Турк лираси девальвациясига ҳам юқори инфляция сабаб бўлмоқда.

Россия ва Украина уруши сўмнинг қийматига таъсир кўрсатадими?

Россия Украинага қарши уруш бошлаганидан буён рубль курси қуламоқда. Айни дамда 1 доллар 91,7 рублга тенг (2020 йилда 72 рубль). Ўзбекистонга пул ўтказмаларининг катта қисми Россиядаги меҳнат муҳожирлари томонидан амалга оширилишини, Россия билан савдо алоқалари рублда бўлишини ҳисобга олсак, бу ҳам сўм курсининг пасайишига таъсир ўтказади.

Бундан ташқари, Ўзбекистон учун асосий хорижий бозор ҳисобланмиш Россия бозорига экспортнинг ўсиши секинлашмоқда. 2022 йилда ўзаро савдо айланмаси 1,8 миллиард долларга, 2023 йилда 0,5 миллиард долларга ўсган. Экспорт ҳажми импорт ҳажмидан кам бўлган. Ўзбекистонлик экспортчилар Россияга маҳсулот етказиб бераётганда маҳсулот таннархи Россия бозоридаги нархларга қараб белгиланади. Валюта курсининг ўзгариши эса доллар ҳисобидаги тушумнинг пасайишига олиб келади.

Йил охирига келиб 1 доллар 13 минг сўм бўлиши мумкин

Алиф компаниясининг Ўзбекистондаги раҳбари Нуриддин Лафизов Курсив.медиа сайтига берган маълумотида 2024 йилнинг биринчи ярмида пул ўтказмалари ҳажмининг анъанавий қисқариши валюта курсига босим ўтказиши мумкинлигини, натижада валюта курсининг 12 400 – 12 700 сўм оралиғида ўзгариши кутилаётганини айтган эди. Унинг сўзларига кўра, ташқи молиявий тушумларнинг ошиши туфайли курс 12 500-12 800 сўмгача кўтарилади, 2024 йил охирига келиб 1 доллар 13 минг сўмга етиши мумкин.

Бироқ бунга қарши аргумент ҳам мавжуд. Нуриддин Лафизовнинг фикрича, пул ўтказмаларининг мавсумий ўсиши, шунингдек, Россия ҳукумати қабул қилган валюта тушумини 80 фоиз сотиш тўғрисидаги қарори яқин ойларда рубль курсига ижобий таъсир кўрсатади. Бу орқали Россия билан яқин савдо алоқаларига эга мамлакат валюталари ҳам мустаҳкамланиши мумкин. Натижада доллар курси бироз пасайиши ҳам кутилмоқда.

 


Мақола муаллифи

Теглар

инфляция валюта сўм қадрсизланиш

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг