Дунёнинг энг ҳайратланарли ташландиқ “арвоҳ” шаҳарларига саёҳат (фоторепортаж)
Бу қизиқ
−
13 Январь 2023
15744Дунёда шундай қишлоқ ва шаҳарлар мавжудки, бир вақтлар гуллаб-яшнаган бўлсада, ҳозирга келиб турли сабабларга кўра ташландиқ ҳолга келиб қолган. Баъзилари уруш пайтида вайрон қилинган, баъзилари эса қимматбаҳо металл ва минераллар етказиб берувчи ҳудудга айланган. Уларнинг бўм-бўш бинолари, кўчалари ва ҳатто машиналари йиллар давомида табиат қўлига ўтиб кетган. CNN нашри мана шундай дунёнинг энг ташландиқ “арвоҳ” шаҳарлар рўйхатини эълон қилди.
Орадоур-Сур-Глан, Франция
Собиқ балиқчилар қишлоғи бўлган Орадур-Сур-Глан иккинчи жаҳон урушини эсга солади. Шаҳарча аҳолиси 1944 йил 10 июнда фашистлар томонидан отиб ўлдирилган. Эркаклар омборхоналарда, аёллар ва болалар қулфланган уйда ёндириб юборилган. Омон қолиб, қочиб кетаётганлар отиб ўлдирилган. Кейинчалик урушнинг дахшатларини ёддан кўтармаслик учун Орадур-Сур-Глан шаҳарчаси вайрона ҳолатида сақлаб қолинган.
Уоррам Перси, Буюк Британия
Англиянинг энг машҳур ҳудуди Йоркширда топилган Уоррам Перси бир вақтлар ноодатий уйларга тўла шаҳарча бўлган. Чорвачилик билан шуғулланадиган кўчманчи аҳоли йиллар давомида бошқа манзилларга бориб қўним топган. Шу сабабли бу макон кимсасиз ҳудудга айланиб қолган. Шаҳарча бугунги кунда дунё археологлари ва сайёҳлари учун катта қизиқиш уйғотмоқда.
Ҳашима ороли, Япония
1974 йилда ташлаб кетилган Ҳашима ороли Япониянинг Нагасаки қирғоғида жойлашган. Ҳашима “Жанговар орол” номи билан ҳам танилган бўлиб, 1887 йилдан 1974 йилгача кўмир қазиб олишга ихтисослашган туманга айланган. Кейинчалик кўмирга бўлган талаб йўқолганлиги сабабли бу ҳудуд кимсасиз маконга айланган. Ҳашима ороли Иккинчи жаҳон уруши пайтида мажбурий меҳнат лагерига айлантирилган.
Колманскоп, Намибия
Африкадаги энг бой шаҳарлардан бири бўлган Колманскоп Намиб чўлининг қумларига ботган бинолари билан машҳурдир. Бу ердан 1908 йилда олмослар топилгач, немис кончиларининг катта қисми бу ҳудудга кўчиб келган ва 1956 йилда келиб шаҳар ташлаб кетилган. Колманскопда бал зали, казино ва ҳаттоки трамвай тизими ҳам бўлган. Олимларнинг фикрига кўра, бутун шаҳар аста-секин қум остида абадий йўқ бўлиб кетади.
Рубй, Аризона
Жанубий Аризонада жойлашган Рубй шаҳарчаси 1941 йилдан бери ҳеч ким истиқомат қилмайдиган ҳудудга айланган. Мексика чегарасига яқин жойлашган бу шаҳар 1930 йилларда ривожланган. Аҳолиси асосан олтин, кумуш, қўрғошин ва рух қазиб олиш билан шуғулланган. Ўша пайтда шаҳар аҳолиси 1200 кишидан иборат бўлган. Бугунги кунда келиб шаҳарнинг яхши сақланган жойлари: қамоқхонаси, мактаби ва кон ғорлари кундан-кунга сайёҳларга тўлиб бормоқда.
Каякўй, Туркия
ЮНЕСКО томонидан “Халқаро дўстлик ва тинчлик қишлоғи” сифатида танилган Каякўй Туркиянинг жануби-ғарбий қисмида жойлашган шаҳарчадир. Аҳолининг бу ердан кўчиши Биринчи жаҳон урушидан кейин юз берган шиддатли можаро натижасида келиб чиққан. Греция ва Туркия ўртасида бўлган можаро сабаб бу ҳудудга турклар қайтиб кўчиб келмаган.
Шунингдек, қуйидаги ҳудудлар ҳам турли сабабларга кўра, ташландиқ ҳолатга келиб қолган ва ҳозиргача шундай сақланади:
Хотуван, Хитой
Белчите, Испания
Крако, Италия
Бодие, Калифорния
Припят, Украина
Арлтунга, Австралия
Вароша, Кипр
Банкҳеад, Канада
Ҳампи, Ҳиндистон
Эпекуен, Аргентина
Нурмуҳаммад Файзуллаев
LiveБарчаси