Дунёнинг бошқа жойларида ҳам одамлар ўлмоқда – Инфантино Украинадаги уруш ҳақида
Спорт
−
31 Март 2022
5880Бугун Украинадан ташқарида ҳам зиддиятлар давом этяпти ва одамлар ҳалок бўлмоқда. Халқаро футбол ассоциациялари федерацияси (FIFА) президенти Жанни Инфантино бугун, 31 март куни бўлиб ўтган FIFA’нинг навбатдаги конгресс йиғилишида шундай фикр билдирди.
“Украинада даҳшатли воқеалар юз бермоқда. Дунёнинг бошқа ҳудудларида ҳам зиддиятлар давом этмоқда ва биз уларни ҳам унутмаслигимиз керак. Одамлар азоб чекишяпти ва ўлишмоқда. Биз тажовузкор ва тарафларга бўлинган дунёда яшаяпмиз.
Лекин мен футболнинг одамларни бирлаштириш ва маданий чегараларни ортда қолдиришига қаттиқ ишонаман. Нельсон Мандела айтган эди, спорт дунёни ўзгартириш кучига эга. Лекин, шу билан бирга азиз дўстлар, футбол умуман барча муаммоларни ҳал қила олади, деб ўйлайдиган даражада содда эмасмиз”, деган Инфантино
Шунингдек, Инфантинонинг айтишича, Украина ва Россияда ташкил қилинган Европа ва Жаҳон чемпионати ҳам минтақага тинчлик олиб келмаган.
“Украинадаги воқеалар юрагимни оғритади. Мен UЕFА ташкилоти бош котиби сифатида ишлаб юрган пайтларим ташкил қилинган охирги Европа чемпионати Украина ва Польшада бўлиб ўтган эди. Чемпионатнинг финал учрашуви эса Киев шаҳрида бўлган. FIFА президенти сифатида ишлаган охирги жаҳон чемпионатимга эса Россияда мезбонлик қилганди. Мундиалнинг финали Москвада ташкилаштирилди.
2018 йил Россияда ўтказилган жаҳон чемпионати ҳар жиҳатдан ажойиб, спорт ва маданий тарафдан муваффақиятли бўлди. Лекин очиғи, бу дунёдаги муаммоларни ҳал қилмади ва ҳатто минтақадаги низоларга ҳам барҳам бермади. Ҳаракатларимиз мустаҳкам тинчликка олиб келмади”, деган FIFА президенти.
Инфантинонинг қўшимча қилишича, қачондир бу даҳшатли тўқнашув якунига етади ва футбол тинчлик ва бирдамликка ҳисса қўшишда давом этади.
“Қачондир бу даҳшатли [Россия ва Украина ўртасидаги] тўқнашув, дунёдаги бошқа барча можаролар сингари тугайди. Умид қиламанки, бу жуда тез содир бўлади ва кейин футбол муносабатларни тиклашда, тинчлик ва ўзаро бирдамликда кичик роль ўйнашда давом этади”, деган Жанни Инфантино нутқи якунида.
Аввалроқ, Жанни Инфантино Россия футбол иттифоқини (RFI) FIFА’дан четлаштириш ниятида эканлигини хабар қилгандик. Аммо йиғилишда RFI’нинг FIFА’га аъзолигини тўхтатиб туриш масаласи кўриб чиқилмади.
Маъруф Абдумаликов
LiveБарчаси