Дунёнинг беш ядровий державаси келишиб олди
Олам
−
04 Январь 2022
12414Дунёнинг бешта ядровий кучга эга мамлакати жорий йилнинг охирида ядровий қуроллар тарқалишининг олдини олиш ва ядро урушларига йўл қўймаслик бўйича қўшма баёнот имзолайди.
Бу ҳақда кеча, 3 январь куни эълон қилинган БМТ Хавфсизлик Кенгаши доимий аъзоларининг қўшма баёнотида сўз боради.
Баёнотда айтилишича, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгашининг доимий аъзолари бўлган АҚШ, Буюк Британия, Россия, Хитой ва Франция ядровий давлатлар ўртасидаги урушнинг олдини олиш ва стратегик хавфларни камайтиришни ҳамда дунёнинг барча давлатлари билан хавфсизлик муҳитини яратиш учун ҳамкорлик қилишни ўзларининг асосий мақсади деб билишади.
“Биз бундай қуроллар тарқалишнинг олдини олиш кераклигига қатъий ишонамиз, ядро урушини енгиб бўлмайди. У ҳеч қачон содир бўлмаслиги керак”, дейилади баёнотда.
Баёнотнинг рус тилидаги нусхасида “ядро урушида ғолиб тараф бўлмайди”, дея таъкидланган.
"Ядро қуролидан фойдаланиш жиддий оқибатларга олиб келиши мумкинлиги сабабли, биз ядро қуроллари мудофаа мақсадларида, тажовуз ва урушнинг олдини олишга хизмат қилиши керак, дея ҳисоблаймиз. Россия ядровий бешликнинг келишуви дунёдаги тарангликни юмшатишга хизмат қилишидан умидвор. Биз БМТ Хавфсизлик Кенгаши доимий аъзоларининг саммитини ўтказиш жуда зарур деб ҳисоблаймиз", дейилади расмий Москванинг баёнотида.
Кремль Матбуот котиби Дмитрий Песков РИА Новости агентлигига берган интервьюсида, Москва ҳали ҳам дунёнинг йирик ядровий давлатлари саммитини ўтказиш “зарур” деб ҳисоблашини маълум қилган.
Россия Ташқи ишлар вазирлиги ушбу келишув “ўзаро ишончни мустаҳкамлаб, жанговор ва мудофаа қуроллари устидан келажакда назоратни шакллантиришга ёрдам беради”, дея ишонишини билдирган.
Франция ҳам бешта давлат ядровий қуролларни назорат қилиш ва қуролсизланиш бўйича фикри қатъийлигини таъкидлаб, баёнот билан чиққан. Париж ядровий қуролларни назорат қилиш бўйича икки томонлама ва кўп томонлама ўзаро ҳамкорликни давом эттириши ҳақида маълум қилган.
Расмий Пекиннинг таъкидлашича, келишув “ўзаро ишончни оширади” ва ядровий можаро хавфини камайтиришга хизмат қилади.
“Ядро қуролига эга бешта давлат раҳбарларининг қўшма баёноти ўзаро ишончни оширишга ёрдам беради ва йирик давлатлар ўртасидаги рақобатни мувофиқлаштириш ҳамда уни ҳамкорлик билан алмаштиришга ёрдам беради”, деган Хитой Ташқи ишлар вазири ўринбосари Ма Чжаоху ўз баёнотида.
Беҳруз Саидов
LiveБарчаси