Дунёдаги энг катта динозавр скелети сотилди
Бу қизиқ
−
14:18
2487Франция пойтахти Париж шаҳрида 150 миллион йиллик динозавр ким ошди савдосида 6 миллион евро (6 миллион 250 минг 800 доллар)га сотилди ва у дунё бўйлаб аукционда сотилган тарихдаги энг йирик динозаврга айланди. Бу ҳақда “France24” хабар берди.
Қайд этилишича, харидни музейга ўтказмоқчи бўлган аноним коллекциячи сотиб олган.
Ўтхўр Апатозаврнинг 22 метр узунликдаги скелети 75-80 фоиз асл суяклардан иборат. У 2018 йилда АҚШнинг Вайоминг штатида топилган ва қазиш ишлари француз инвесторининг молиявий кўмагида бўлиб ўтган. Кейин қолдиқлар икки йиллик реставрация қилиш учун Францияга юборилган.
АҚШ ғарбий штати Вайомингдаги қонунчиликка кўра, шахсларга тарихий суякларни қазиб олиш учун рухсат берилган.
Маълумот учун, Апотозавр – алдамчи калтакесак маъносини англатади. У Шимолий Америка ҳудудида яшаган ўтхўр динозаврлар туркумига киради. Тадқиқотчи Чарлз Марш 1877 йилда динозаврнинг биринчи турини топган. Динозаврнинг иккинчи тури эса Виллиам Ҳолланд томонидан 1916 йилда кашф этилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ хитойлик тадқиқотчилар Шарқий Хитойнинг Цзянси провинциясида динозавр тухумларининг янги турини топганди. Тухумлардан бирининг узунлиги бор-йўғи 29 мм бўлиб, дунё миқёсида топилган энг кичик намуна ҳисобланган. Цзянси геологик қидирув институти, Ухандаги Хитой геофанлар университети ҳамда Хитой Фанлар академиясининг Умуртқали ҳайвонлар палеонтологияси институти тадқиқотчиларидан иборат гуруҳ уч йиллик тадқиқотдан сўнг 6 та тухум қолдиқларини тасдиқлаган. Уларнинг барчаси бўр даврига оид бўлиб, қарийб 80 миллион йил олдин яшаган динозаврларга тегишли эканлиги ҳақида хабар берилганди.
Муҳаммад Ҳодиев
LiveБарчаси